Таниқли шахслар дори воситалари рекламасида иштирок этиши тақиқланмоқда

Сенат қўмитасида янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Қонун билан телеканалларда давомийлиги 10 дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, дори воситаларини реклама қилишда қуйидагилар тақиқланмоқда:

— таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирок этиши;

— олимларнинг, тиббиёт ходимларининг тавсияларидан, худди шунингдек алоҳида шахсларнинг миннатдорчилигидан, тавсияларидан ва реклама қилинаётган дори воситаларининг таъсири ҳақидаги ҳикояларидан иборат бўлган тавсиялардан фойдаланиш.

Қонун Сенат томонидан тасдиқланиб, Президент томонидан имзолангач, кучга киради.