"Тақдиримизни муаллим, мураббий ҳал қилади"

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган ҳар бир вазифалар ва 2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили дея номланиши Ўзбекистоннинг келгуси тақдирини белгилаб берди, десам хато қилмаган бўламан.

Инсонни инсон қилиб камол топтиришда, унга билим ва одамийлик, меҳр-оқибат, эзгу орзу-ниятлар билан яшаш туйғуларини сингдиришда, бир сўз билан айтганда, жамиятимизнинг муносиб фуқароси бўлиб ҳаётга кириши ва мустаҳкам ўрин олишида ўқитувчи ва мураббийларнинг ҳиссаси беқиёс. Шу боис оталаримиз бизга “Устоз отангдай улуғ” деган мақолни бот-бот такрорлашган. Аммо кейинги йилларда бу мақолнинг кучи йўқолгандек эди.

Тан олиш керак, сўнгги 5-6 йилда ўқитувчига бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Бир пайтлар баҳорда чопиқ, ёзда узум териш, кузда пахта йиғишга жалб қилинган ўқитувчи синфхоналарга қайтарилди. Уларни таълим билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Мурожаатномада белгиланган вазифалар сўнгги йилларда таълим соҳасига, ўқитувчиларга берилаётган эътиборнинг мантиқий давоми, десак тўғри бўлади.

Президентимиз Мурожаатномада “Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарур”, дея таъкидлади. Шунингдек, "Тақдиримизни муаллим, мураббий ҳал қилади", дедилар.

Бу устозларга берилган улкан ишонч ва масъулиятдир. Шундай экан, бугун ҳар бир таълим соҳаси ходими ўз устида эринмай меҳнат қилиши, тинимсиз изланиши, билим жавоҳирларини йиғиб, уни шогирдларига улашиши шарт.

Саидаҳмад Усмонов,
Самарқанд вилояти ҳокимининг халқ таълими масалалари бўйича маслаҳатчиси.