Тараққиёт интилганники, бирлашганники
Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Марказий Осиё янги давр остонасида» мақоласини ўқиб
Яшириб нима қилдик, узоқ йиллар давомида қўшни давлатлар раҳбарларини телевизорларда кўрардик. Бугун ўзингиз кўриб турибсиз. Хусусан, Самарқандга дунёнинг деярли барча давлатлари раҳбарлари қадам қўймоқда.
Гап фақат келиб-кетиш, борди-келдидагина эмас, ана шу муносабатларнинг самаралари ҳақида бормоқда. Эҳтимол, шунинг учун мақолани мутолаа қилиш жараёнида кўз олдимда ана шу ҳолатга келгунга қадар мамлакатимизда, атрофимизда рўй берган воқеалар кино тасмаси каби ўтаверди…
Минтақамизда мустақилликка эришган барча давлатлар аввалига карахт, сўнг эса ўз манфаати йўлида ҳар хил майда-чуйда учун ҳам курашадиган бўлди. Миллий низолар, четнинг аралашуви билан бўладиган фисқ-фасодлар бизни бир-биримиздан айро ушлаб турди. Ҳатто бир-биримизга тош ҳам ота бошладик, қариндошларни кўриш учун ҳам чегаралардан ўта олмай қолдик.
Халқимизда қўл узатиш, деган бир ибора бор. Бу ҳар хил ҳолатда бўлиши мумкин. Қўл узатиш узоқ вақт муносабатда бўлмаганларнинг меҳрини билдиради. Ким биринчи бўлиб қўл узатса, савобнинг эгаси ўша бўлади. Гарчи оғир кечса-да, гарчи айримлар буни қабул қилмаса-да, Ўзбекистон қўшниларга биринчи бўлиб қўл узатди. Бинобарин, қўшниларимиз ҳам ана шундай кайфиятда эканлиги - бу бахт! Ана шу бахтга кўз тегмасин!
Назаримда бугунги ҳолатни шарҳлашга ҳожат йўқ. Чунки биз сабоқлардан хулоса чиқара олдик. Фақат аҳилликкина, тинчликкина башарият ҳаётини сақлаб туриши мумкинлигини тушундик. Минг йиллардан буён мана шу минтақа аҳолиси билан тақдиримиз бирлигини англадик. Ана шу англаш жараёнида чинакам фидойилик кўрсатган, ҳар қандай қийинчиликлардан қўрқмаган етакчи Ўзбекистон Республикаси Президенти эканлиги билан фахрланамиз.
Мақолада Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлиги, ўзаро яқинлашуви ҳамда халқаро майдондаги ҳамфикрликка эришиш жараёни ниҳоятда равшан изоҳлаб берилган. Бинобарин, 2018 йилда БМТ минбарида илк бор ўзбек тилида маъруза қилган Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё халқлари, уларнинг раҳбарлари тинчлик, ҳамкорлик, биродарлик йўлини танладилар. Биз ҳали бу минтақада фаровон ҳаёт қурамиз, бир-биримизникига эркин бориб келамиз, биргаликда ривожланамиз, деган мазмунда айтган гапларини эсланг. Биз бугун шу мақсадга эришдик. Бугун минтақадаги республикалар бир-бири билан жуда яқин бўлди. Чегаралардаги муаммолар барҳам топди, борди-келди кун сайин авж олмоқда. Муҳими, ижтимоий соҳадаги муносабатларда ҳам яқинлик сезяпмиз. Мақола муаллифи ана шу ижтимоий яқинлик ҳақида алоҳида тўхталгани бежиз эмас. Бу – динимиз, урф-одатларимиз, тарихий анъаналаримиз бир бўлган шароитда мақсад сари бирга интилишимиз демак.
Минтақа давлатлари ҳамкорлигининг яна бир муҳим жиҳати бор. Бу давлатлар раҳбарлари ҳеч қандай ўртакашсиз, ўз дил амри билан бир-бирига интилдилар, халқларимиз ҳам ана шу хайрли ишни қўллаб-қувватлади. Шунинг учун бу биродарликнинг қадри баланд туради. «Биз Марказий Осиё халқимиз», деган ташаббуснинг пайдо бўлиши ана шу ижтимоий яқинлашувнинг самараси, деб биламан.
Бу олам саҳнида яшаш осон эмас. Глобаллашув жараёни гарчи тарихийлик касб этса-да, халқаро миқёсда сиёсий кучлар тизимини издан чиқармоқда. Муносабатлардаги чигаллик нафақат бир ёки икки давлат, балки жаҳон миқёсида турли кўнгилсизликларга сабаб бўлаётир. Ана шундай шароитда, аввало, мамлакат ичида оқилона сиёсат юритиш, тинчлик, миллатлар ўртасидаги тотувликни барқарор ушлаш осон иш эмас. Буни ер шарининг истаган нуқтасида илгари буюк саналган давлатларнинг инқироз сари бораётганлиги кўрсатиб турибди. Ёки аксинча, ўз ҳудудида тинчликни, барқарорликни ушлаган мамлакатлар катта нуфузга, қудратга эга бўлаётир. Шунинг учун ҳам Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлиги нафақат Ўзбекистон, балки минтақадаги барча давлатлар учун ҳам ниҳоятда зарур эканлигини мақола муаллифи асосли равишда айта билган.
Муносабатларимиз конструктив, стратегик асосда қурилмоқда, яъни ҳар қандай ҳолатда ҳам муносабатлар барча томон учун манфаатли бўлиши шарт. Қолаверса, ўзаро ҳамкорликда эришган қудратимиз бизни доимо четдан келадиган хавф-хатарлардан асраб туради.
Бугун дунё жамоатчилиги минтақамиздаги тараққиёт ва осойишталикка, ҳамкорликка ҳавас билан қарамоқда. Америка, Хитой, Россия ва Европа Иттифоқининг ҳамкорлик сари Марказий Осиёга интилиши фикримизнинг исботидир. Бу ҳамкорликда минтақадаги барча республикалар раҳбарлари ҳамда аҳолисининг майил билдириши энг катта ютуғимиздир.
Дунё янги воқеалар остонасида. Тараққиёт интилганники, бирлашганники. Мақоланинг асл моҳиятидан ҳам давлатимиз раҳбарининг ана шу даъватини сезиш мумкин.
Фармон ТОШЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.