Тарихнинг ўқилмаган саҳифалари: Мардикорликка қарши қўзғолон нимадан келиб чиққанди?

(Давоми. Бошланиши)

Ярлақоб Бекназаров - 1916 йилда Жиззах уезди Жом волости Чуқуртоқ қишлоғида яшаган. 1959 йилда Зомин райони Зомин совхози 4-бўлимда яшайди. Бахши, 71 ёшда.

Мардикорликка олиш ҳақида подшо фармойишини мингбоши, элликбоши, старшиналар маъқуллаб, рўйхатга киришдилар. Халқ бунга норози бўлиб, тўда-тўда қўзғалди. Бизнинг Чуқуртоқ қишлоғидан 500 чоғли киши қўзғолон кўтариб, старшина Мулла Маҳкамбойнинг уйига бостириб борди. Қўзғолонга камбағал деҳқон, сўзга уста Турдибек Худойназаров бош бўлди. Мулла Маҳкамбой уйининг меҳмонхонасида экан. Унинг уйига 50 чоғли одам бостириб кирди. Мен деразада қараб турдим. Турдибек Худойназаров старшинага қараб шундай деди: “Сен старшина бўлиб халқ билан келишиб иш қиласанми ёки нуқул камбағалларни мардикорлик рўйхатига битасанми?”

Мулла Маҳкамбой шундай жавоб қилди: “Йўқ, Мулла Турдибек! Агар ҳамма шаҳарлар мардикор берса биз бермай туролмаймиз, бермайдиган бўлсангиз маслаҳат қилурмиз”.

Шунда Турдибек “сен аллақачон рўйхатни тузгансан, уни бизга бер” деди. Старшина “рўйхат менда йўқ” деди. Турдибек “биз сени ўлдиргани, рўйхатни эса олгани келдик. Сен рўйхатни Жом волости мингбошисига бергансан, ҳозир биз сени волостной олдига олиб борамиз, сен рўйхатни олиб берасан” деди. Халқ старшинани ўраб олиб, “юр-юр” деганча судраб уйидан олиб чиқди.

Шу 500 чамали киши бўлиб, старшинани қуршаб, Жомга томон жўнадик. Қўнғирбой қишлоғига етишимизга оз қолган эдики, бирдан олдимизга от чоптириб, Мулла Юсуф Қози ва Абдураҳмон хатанак – старшинанинг қариндошлари чиқиб қолди. Улар халқни тўсиб, туртиб старшина Мулла Маҳкамбойни қутқармоқчи эди. Шунда халқ старшинани оломон қилиб, бир зумда ўлдирди. Сўнгра Мулла Юсуф Қозини ўлдирмоқчи бўлиб ёпишдилар. У қочди, барибир уни тутиб ҳовузга ташлашди. Фақат қариндошлари ҳовлиқиб келиб қолишди ва халққа ёлвориб ўлимдан сақлаб қолишди. Унинг ўлмай қолгани бизнинг бошимизга минг балони ёғдирди.

Халойиқ хай-ҳайлаб Жомга йўл тутдик. Биздан қочиб қутулган Абдураҳмон хатанак Зоминга бориб, пристун (участка пристави)га хабар қилган экан. Пристун одамлари билан Жомга мингбоши Мулла Фозил олдига келган экан. Жомни ҳамма томондан халқ ўраб олди. Бир томондан бизнинг қишлоқ бўлса, бошқа томондан Қирқ қишлоқликлар ўраб олишган эди. Қирқликлар ҳам ўз элликбошиларини ўлдирган экан.

Шу пайт аҳволи танг бўлган Мулла Фозил мингбоши ва пристун отга миниб қуршовдан чиқишга уринди. Тўппончаларидан ўқ отиб, Зомин томонга қочишди. Ортидан қувлаган оломон уни Зоминга етмасдан тутиб олиб қатл қилишди. Пристунни эса Зоминда қўлга олишганини кейин эшитдим. Бу воқеадан кейин кўп кишилар қамалди. Биз кўпчилик бўлиб тоққа қочдик. Фақат омон-омон бўлгач уйга қайтдик. Биз қишлоққа қайтгач қўзғолончилардан омон қолган Мулла Юсуф Қози мени ва 9 та ҳамроҳимни “старшинани ўлдиришда ва мени калтаклашда қатнашган”, деб кўп сўроқ қилдирди.

Ярлақоб БЕКНАЗАРОВ. 1959 йил 21 апрель.

(Давоми бор)