Ташаббусли бюджетга фуқаролардан 3600 дан ортиқ таклиф билдирилди
Вилоят Матбуот уйида “Ҳар бир туман бюджетининг камида 5 фоизини “Фуқаролар бюджети” дастурига кўра аҳолининг таклифлари асосида энг долзарб муаммоларни ечишга сарфлашни ташкил қилиш” мавзусида матбуот анжуман ўтказилди. Анжуманда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов маълумот берди.
- 2022 йилдан бошлаб барча туман (шаҳар)лар бюджетлари тасдиқланган харажатларининг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилиши белгиланган, - дейди Ж.Ўроқов. - 2021 йил 1 июлдан эса жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг энг кам миқдори аввалги 10 фоиздан 30 фоизга оширилди. Яъни, тасдиқланган бюджетнинг 5 фоизи “Фуқаролар бюджети” дастури доирасида аҳолининг таклифлари асосида энг долзарб муаммоларни ечишга сарфланса, туман (шаҳар)лар бюджетининг қўшимча маблағлари ҳисобидан яна 30 фоиз маблағ “Фуқаролар бюджети” дастурига йўналтирилади. Ташаббусли бюджет жараёни маҳаллий бюджет маблағларини аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга, фуқароларнинг бюджет жараёни иштирокини таъминлашга ва аҳолининг ўзи истаган тадбирни амалга оширишга қаратилган жараён ҳисобланади. Бу жараён openbudget.uz портали орқали 6 босқичда амалга оширилади ва йилига 2 марта февраль ва июль ойларида ўтказилади.
Мисол учун, ўтган йилда фуқаролар ташаббуси жамғармасига жами 37,6 миллиард сўм маблағ ўтказилган ва фуқаролар томонидан 2059 та таклиф тушган. Улардан 528 таси ишчи комиссия томонидан кўриб чиқилиб, овоз бериш жараёнига қўйилган. Бу жараёнда 64 196 овоз берилган, шундан 96 та таклиф ғолиб топилиб, молиялаштириш учун халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашлари сессияларига киритилди.
Масалан, Нарпай туманидаги Қорахитой қишлоғида аҳолини бир неча йилдан буён ичимлик сув муаммоси қийнаб келаётган эди. Бу қишлоқ фуқаролари томонидан киритилган таклиф фуқаролар ташаббуси жараёнида ғолиб чиқди ва молиялаштириш учун 205 миллион сўм маблағ ажратилди.
Каттақўрғон шаҳридаги 22-сон давлат мактабгача таълим ташкилотига мебель жиҳозлари олиб бериш масаласи ҳам фуқаролар ташаббуси жараёни орқали молиялаштирилади.
Жорий йилда ташаббусли бюджет жараёнининг 1-босқичида фуқаролар 3661 та таклифни илгари суриб, ҳудудий ишчи комиссиялар томонидан 1692 та таклиф овоз бериш жараёнига ўтказилди. 1-босқич якунларига кўра, 209 та таклиф ғолиб деб топилди ва ушбу тадбирлар учун 114 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, ташаббусли бюджет жараёнида фуқаролар томонидан 2000 дан ортиқ овоз берилган таклифларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшимча равишда Республика бюджетидан вилоятимизнинг Каттақўрғон ва Иштихон туманларига жами 2,9 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Ғолиб таклифларни молиялаштириш бўйича ҳудудий ишчи комиссиялар томонидан манзилли дастурлар ишлаб чиқилди ва халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида тасдиқланди. Бугунги кунда барча ғолиб таклифларни молиялаштириш бўйича вилоят молия бош бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси томонидан назорат ишлари олиб борилмоқда.
Ўктам Худойбердиев.