Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан рўйхатдан ўтган 3979 нафар ҳамюртларимизга 300 минг сўмдан беғараз ёрдам кўрсатилди

Хорижга чиқиб, ишлаб, даромад қилишга қарор қилдингизми? Унда сиз учун давлатимиз томонидан қатор имтиёзлар яратилганлиги ҳақида биласизми? Ташқи меҳнат миграцияси агентликлари ва унинг вилоятлардаги филиаллари ҳузурида ташкил этилган ихтисослаштирилган кассаларда сизга имтиёзли нархларда темир йўл ва авиачипталар сотилаётганидан ёки чипта харажатлари учун беғараз молиявий ёрдам кўрсатилаётганидан хабарингиз борми?  

Вилоят Матбуот уйида вилоят  ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вилоят филиали директори А.Ҳафизов иштирокида ўтган матбуот анжуманида хорижда ишлашни хоҳлаган меҳнат мигрантларига кўрсатилаётган имтиёзлар ҳақида тўлиқ маълумотлар берилди.

- Президентимизнинг 2018 йил 5 мартдаги “Ўзбекистон Ресубликаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқишда хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2018 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва унинг ҳудудий филиаллари ҳузурида ихтисослаштирилган кассалар ташкил этилган эди, - дейди вилоят  ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов. –Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан рўйхатдан ўтган фуқаролар ушбу кассалар орқали 20 фоизлик чегирма билан темир йўл чипталари ҳамда авиачипталар сотиб олишлари мумкин. Шунингдек, уларга бир йилда бир маротаба «Алоқа банк» томонидан чипта харажатларини қоплаш учун минимал комиссияли “VIZA MIGRANT” картаси жорий қилиниб, 300 минг сўм миқдорида беғараз ёрдам кўрсатилмоқда. Самарқанд шаҳар, Бўстонсарой кўчаси, 54-уйда жойлашган мазкур ихтисослаштирилган касса хизматларидан 3979 нафар ҳамюртларимиз фойдаланишди.

Яна бир гап. Хорижда ишлашни истаган ҳамюртларимизнинг ўз манзилларига етиб боргунга қадар бўлган вақтда ҳаёти ва соғлигини суғурталаш ҳам кўзда тутилган. Бу эса уларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқлари, ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш ҳамда йўл давомида йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ташкил этилган хусусий бандлик агентликлари фуқароларимизнинг хорижда муносиб иш топиш ва жойлаштириш, шунингдек, бу борада ахборот ва ҳуқуқий маслаҳат беришда яқиндан кўмаклашиб келмоқда. Ҳозирда вилоятимиздаги 11 та хусусий бандлик агентликлари ушбу фаолият билан шуғулланмоқда.

Матбуот анжуманида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси томонидан хорижда зўравонлик, мажбурий меҳнат ва камситишдан жабрланган, меҳнат ҳуқуқлари бузилган, оғир молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз қолган фуқароларга моддий ёрдам кўрсатиб келаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Ҳозиргача жамғарма кўмагида Россия чет эллик фуқароларни вақтинча сақлаш муассасаларида бўлган 73 нафар самарқандликлар ўз оиласи бағрига қайтиб келди. Шунингдек, турли сабаб билан вафот этган тўрт нафар фуқароларимизнинг жасадлари ҳам олиб келинди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.