Тасмачидаги бозор кўркам қиёфада замонавий хизматларни бошлади
Каттақўрғон туманидаги Навоий вилоятининг Хатирчи туманига туташ Тасмачи қишлоғида фаолият олиб бораётган бозор - “Тасмачи МАТ” масъулияти чекланган жамияти тадбиркор Гулмира Ризаева ташаббуси билан бугунги кун талаблари даражасида қайта қурилди.
Мажмуанинг очилишига бағишланган тадбирда Каттақўрғон тумани ҳокими А.Баҳромов ва Хатирчи тумани ҳокими Ғ.Алиев ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди ва мажмуада ҳудуд аҳолисига яратилган қулайликлар билан яқиндан танишди.
Мажмуани қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Аввалгидек бетартибликларга барҳам берилиб, ҳар бир маҳсулот замонавий савдо расталарига қўйиб сотилиши таъминланди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш учун 98 та, озиқ-овқат маҳсулотлари учун 40 та, ноозиқ-овқат маҳсулотлари учун 50 та, нон маҳсулотлари учун 15 та раста янгидан ташкил этилди. Шунингдек, гўшт ва гўшт маҳсулотлари сотиш учун 12 та савдо растаси фаолияти йўлга қўйилди. Эндиликда ҳудуд аҳолиси ўз эҳтиёжлари учун зарур савдо-сотиқ ишларини ушбу шинам савдо мажмуасида амалга оширади.
- Туманимизда бўлаётган ўзгаришларни кўриб, одамнинг кўзи қувнайди, - дейди Тасмачи қишлоғида яшовчи Исматилла ҳожи Боймуродов. – Қишлоғимиздаги ушбу бозорда авваллари шарт-шароитлар ҳаминқадар эди. Бугун бу бозорнинг замонавийлиги, харидорлар учун яратилган қулайлик барчамизни хушнуд этмоқда. Ҳатто йўлимизда арава илгари базўр юрар эди. Мана, ҳозир равон қилиб асфальтланди. Аҳолига ғамхўрлик кўрсатиб эзгу ишларни амалга ошираётган ҳукуматимиз, туманимиз раҳбарлари, тадбиркорлардан миннатдормиз.
Жаҳонгир САФАРОВ.