Телефон ва диктофонсиз журналист кимга керак?

Кейинги кунларда бир қатор халқаро конференцияларда қатнашишимизга тўғри келди. Албатта, ушбу тадбирларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш учун таклиф қилишди (ҳа, таклиф қилишди, ўзимизча борганимиз йўқ). Аммо конференция ўтказиладиган бинога киришда телефон, диктофон, флешкаларни қолдириш талабини қўйишди.

Журналистмиз, телефон, диктофонсиз бу тадбирга киришимизнинг маъниси йўқ, десак эшик олдидагилар “бизга шунақа топшириқ бўлган, бу ер режимный объект, мумкин эмас”, деб туриб олишди.

Ноилож, тадбирга ручка ва ён дафтар билан киришга мажбур бўлдик. Оммавий ахборот воситаларидан тезкорлик талаб қилинаётган XXI асрда ана шу ҳолатда тадбирни ёритишимизга тўғри келди.

Аммо ичкарига кирганимиздан сўнг кўрдик – “ режимный объект”да хорижлик меҳмонларда ҳам, ўзимизнинг “катта”ларда ҳам қўл телефони бор ва улар бу воситалардан бемалол фойдаланишарди. Ҳайрон бўлдик, чеклов фақат ўзимизникилар, маҳаллий жураналистлар учунмиди? Ким ўйлаб топади бунақа “тартиб”ларни?

Тушунамиз, уяли алоқа воситалари ва бошқа техник ускуналардан фойдаланиш мумкин бўлмаган объектлар, бинолар бор. Ёки айрим иншоотларга киришда телефондан фойдаланиш учун белгиланган тартибда рухсат олиш зарур. Лекин бизни тадбирга таклиф қилишганида “ўзингиз билан қандай техник воситалар олиб келасиз, биз қайд этиб қўйишимиз керак”, деб сўрашмаган эди.

Техник воситалардан фойдаланиш мумкин эмас экан, нима учун бу жойларда тадбир уюштиришади, нега журналистларни таклиф этишади?