“Темурбек юлдузи олтин қозиқдек, чарақлар буюклар қаҳкашонида”
...Амир Темур соч олдирмоқда. Соч баҳона сартарош билан сирлашади, ҳазил-мутойиба қилади ва шу йўсинда унинг кечмишини билиб олади.
Абдулла Орипов 1995 йилда ёзган “Соҳибқирон” шеърий драмасида буюк жаҳонгир - Амир Темурнинг феъл-атворини кучли фалсафий фикрлар асосида очиб беради. Ундаги тасвирларнинг ниҳоятда таъсирчан чиққанлиги ва уларда бадиийликнинг юқорилиги адибнинг ютуғидир. Шу жиҳатдан «Соҳибқирон»да драматизм ва характернинг рўёбга чиқиши мантиқий асослар билан юз беради.
Асар Амир Темур ҳақидаги шеър билан бошланади. Бу шеър рамзий маънога эга. Унинг лейтмотивини Амир Темурдек буюк саркарданинг обрў-эътибори халқимиз тарихида катта қимматга эга эканлиги, истиқлол туфайли яна ўз халқига шон-шавкати билан қайтганлиги ташкил этади. Бу китобхон ва томошабинга мустақилликдан фахрланиш, Амир Темурдай улуғ инсон аждоди эканлигидан ғурурланиш туйғусини уйғотади.
Драмада Амир Темурнинг ўқувчи билан юзлашиши ҳам ўзига хос. У соч олдирмоқда. Соч баҳона сартарош билан сирлашади, ҳазил-мутойиба қилади ва шу йўсинда унинг кечмиши ўз тилидан ҳикоя қилинади. Фақат болалигининг Кеш атрофида кечганлигигина эмас, унинг ёшликдан адолатга бўлган меҳри қилич чопиш ҳунари билан йўғрилиб, ўз шамширига «Куч - адолатда!» дея ёзилганлиги, «Чингизийлар мўр-малахдек босган бир пайтда» қасоскор ва эрксеварларни бир жойга тўплаб, «ялов кўтариб», тоғу-тош, довонларни, ғорларни макон тутганлиги англашилиб боради.
Соҳибқироннинг кейинги фаолияти ёшликдаги жўшқин ҳаракатининг узвий давоми эканлигини, ҳақиқат ва адолат олдида у ҳатто ўз фарзандини ҳам аямайдиган инсонлиги намоён бўлади.
Ҳусайн - тарихда ҳам, драмада ҳам мураккаб характерли шахс. Аввалига у ўз манфаатини ўйлаб, Амир Темур билан ҳамкорлик қилади. Соҳибқироннинг халқ орасида шуҳрати оша борганлигини кўргач, у қандай бўлмасин йўқ қилиш ҳаракатига тушади. Ҳатто ўзининг Амир Темур билан қариндошлик ипларини боғлаб турган Ўлжой Турконнинг (Ҳусайннинг синглиси, Темурнинг завжаси) ҳалокати сабабчиси ҳам унинг ана шу ноўрин хатти-ҳаракати бўлади. Буларнинг барчаси, охир-оқибат Амир Темур томонидан Ҳусайннинг ўлимга ҳукм этилиши билан барҳам топади. Бу тарихий воқеаларда драманинг барча қаҳрамонлари Абдулла Орипов талқинида маҳорат билан тасвирланади.
Амир Темур бирор юртга юриш қилар экан, бунинг замирида ўша юртда тинчлик ўрнатиш, эл-юртни жаҳолатдан, зулмдан қутқариш мақсади ётганлиги «Соҳибқирон» асарининг мағзига сингиб кетган. У Рум қайсари устидан ғалаба қозонгач, ҳузурига келган элчиларни хушнуд қабул қилар экан, уларнинг: «Аъло ҳазрат, Оврупони Боязиддан Сиз қутқардингиз. Олтин ҳайкал муносиб Сизга», каби фикрларини тинглагач, уларнинг дилида нима борлигини ҳам, ўз дил истагини ҳам тўкиб солади. Бу деталга ҳам Абдулла Орипов моҳирлик билан ёндашган:
Олтин ҳайкал. Олтин ҳайкал.
Хушомадми бу?
Менинг қурган шаҳарларим - ҳайкалларимдир.
Тағин шуни билингки, мен бутпараст эмас
Савдо-сотиқ деган гап ҳам бордир дунёда,
Не-не халқлар дўстлашгайдир тижорат боис.
Самарқандга ташриф этсин карвонларингиз.
Ҳиндистондан Болқонгача бирор болакай
Боши узра олиб ўтса лаган марварид,
Йиллар оша улғаяди болакай, аммо
Бир дона ҳам тўкилмагай ўша лагандан.
Драмани ўқир экансиз, Абдулла Орипов Амир Темур ҳаётидаги хушнуд дамларни ҳам, тушкун ҳолатларни ҳам асарга меъёри билан сингдириб юборишга уста эканига иқрор бўласиз. Масалан, Самарқанддан келган чопар Хитойдан мактуб келгани хабарини етказади. Амир Темур мактубни ўқир эқан ғазабланади:
Бу қандайин қабоҳатким, Чин ҳукмдори
Биздан ўлпон талаб қилмиш!
Сурбет! Муттаҳам!..
Мен дунёнинг тенг ярмини фатҳ этибману
Кенжа фарзанд эмишман у осмон ўғлига.
Тавба қилдим!
Мантиқ қани?
Адолат қани?
Мен уларни ўрнатгумдир Хитой ерида…
Шундай безовталик билан турган онда чопар набираси Муҳаммад Султон дарди оғирлашгани ҳақидаги хабарни етказади. Темур бундай таҳликали пайтда ҳам ўз қалбидаги ғазаб ва меҳрнинг қанчалик ўрни борлигини очишга муяссар бўлади:
У суюкли набирамдир, валиаҳдимдир.
Аллоҳ менга қаҳр ҳиссин қанча мўл берса,
Юрагимга ўшанчалик меҳр ҳам солмиш.
Мени енгса меҳр ҳисси енгар оламда...
Умуман, драма Амир Темурнинг инсонларга хос самимий қиёфасини ҳам, ёвқур ва шижоатли сиймосини ҳам характер мантиғидан келиб чиқиб очиб берган ва шу билан ўзига хос оригиналликка эришган. Зеро, муаллиф драма аввалида ёзганидек:
Ҳар қанча этсанг арзийди ўзбек,
Балқибсан бир зотнинг юксак шонида.
Темурбек юлдузи олтин қозиқдек
Чарақлар буюклар қаҳкашонида.
Абдураҳим Солиев,
филология фанлари доктори.