Терговчига 3 минг АҚШ долларини пора тариқасида бермоқчи бўлган аёл ушланди
2021 йил 30 июль куни Самарқанд шаҳар ИИБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.
Унда Самарқанд шаҳар Бағдод кўчасида яшовчи, 1976 йилда туғилган С.Ш. яшаш хонадонида фоҳишахона ташкил этганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
С.Ш. қўзғатилган жиноят иши юзасидан Самарқанд шаҳар ИИБ 3-сон ИИБ тергов бўлинмаси терговчиси ёнига келиб, унинг ишини пул эвазига ижобий ҳал қилиб беришини сўраб, 3 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган.
Ходим унга пора бериш жиноят эканлигини бир неча маротаба тушунтиришига қарамай, С.Ш. 28 август куни 3 минг АҚШ долларини бериш учун келишини айтиб кетган.
Ҳолат юзасидан терговчи вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилган.
Билдиргига асосан, 28 август куни вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда Самарқанд шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди, дея хабар берди Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати. Тадбир давомида фуқаро С.Ш. терговчига 3 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида ушланиб, ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.