Тест синовида синглисига ёрдам берган назоратчи имтиҳондан четлаштирилди

Куни-кеча ижтимоий тармоқларда биология фанидан тест топшириқларининг телефонга олинган расми тарқалиб, кўплаб саволларни келтириб чиқарди, дея хабар қилади Давлат тест маркази.

Ҳолатни ўрганиш асосида қуйидагилар маълум бўлган:

Ушбу расм 2019 йил 7 август куни Самарқанд шаҳрида, тест синовлари ўтказилган 2-бинода тест синовларида назоратчи бўлиб фаолият олиб бораётган Халқ таълими ходими томонидан яширин ҳолатда тасвирга олинган. Ходим мазкур бинонинг 22-гуруҳида тест синовларида қатнашган ўзининг синглисига тегишли тест топшириғи китобини унга ғайриқонуний ёрдам бериш мақсадида видеога олган.

Давлат тест маркази тест синовида назоратчи сифатида иштирок этган халқ таълими ходими тестдан четлаштирилганлигини ва ҳолат бўйича маълумот тегишли чора кўриш учун ҳуқуқ-тартибот органларига юборилганлигини ҳамда абитуриентга тест синовлари натижаси ҳисобланмаслигини маълум қилди.