Тест синовларининг бешинчи куни Самарқандда 12 нафар абитуриент имтиҳондан четлатилди
Аввал хабар берганимиздек, айни кунда вилоятда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар учун бешта очиқ майдонда тест синовлари бўлиб ўтмоқда.
Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлимининг Zarnews.uz’га маълум қилишича, 12 август куни биринчи навбатда қатнашиши керак бўлган 5460 нафар абитуриентдан 4989 нафари тест синовларида иштирок этган. Аммо 471 нафар абитуриент турли сабабларга кўра имтиҳонга келмаган.
Иккинчи навбатда абитуриентларнинг 5132 нафари тест синовларига келган бўлса, 328 нафари турли сабабларга кўра қатнашмаган.
Биринчи навбатда тўрт нафар, иккинчи навбатда уч нафар абитуриент ўринга ўрин киришга урингани, беш нафар абитуриент тартиб-интизомга риоя қилмасдан таъқиқланган воситалардан фойдалангани туфайли тест синовларидан четлатилган.
Эслатиб ўтамиз: Абитуриентлар имтиҳон ҳудудига тест синови бошланишидан 1 соат олдин паспорт (ID-карта) ва абитуриент рухсатномаси билан келишлари лозим.