Тест синовларининг еттинчи куни Самарқандда 8 нафар абитуриент имтиҳондан четлатилди

Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлимининг Zarnews.uz’га маълум қилишича, 14 август куни биринчи навбатда қатнашиши керак бўлган 5460 нафар абитуриентдан 5040 нафари тест синовларида иштирок этган. Аммо 420 нафар абитуриент турли сабабларга кўра имтиҳонга келмаган.

Иккинчи навбатда абитуриентларнинг 5150 нафари тест синовларига келган бўлса, 310 нафари қатнашмаган.

Биринчи ва иккинчи навбатда тўрт нафардан абитуриент тартиб-интизомга риоя қилмасдан, таъқиқланган воситалардан фойдалангани туфайли тест синовларидан четлатилган.

Эслатиб ўтамиз: Абитуриентлар имтиҳон ҳудудига тест синови бошланишидан 1 соат олдин паспорт (ID-карта) ва абитуриент рухсатномаси билан келишлари лозим.