Тест синовларининг тўққизинчи куни Самарқандда 4 нафар абитуриент имтиҳондан четлатилди

Аввал хабар берганимиздек, айни кунда вилоятда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар учун бешта очиқ майдонда тест синовлари бўлиб ўтмоқда.

Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлимининг Zarnews.uz’га маълум қилишича, 16 август куни биринчи навбатда қатнашиши керак бўлган 5460 нафар абитуриентдан 4976 нафари тест синовларида иштирок этган. Аммо 484 нафар абитуриент турли сабабларга кўра имтиҳонга келмаган.

Иккинчи навбатда абитуриентларнинг 5171 нафари тест синовларига келган бўлса, 289 нафари турли сабабларга кўра қатнашмаган.

Биринчи навбатда уч нафар, иккинчи навбатда бир нафар абитуриент ўринга ўрин киришга урингани туфайли тест синовларидан четлатилган.

Эслатиб ўтамиз: Бугун Самарқандда тест синовларининг охирги куни.