Тез тиббий ёрдам ходимларига яна тажовуз: ҳатто аёл шифокор ҳам аямасдан калтакланган
Кеча, 16 октябрь куни Қарши шаҳрида «Тез ёрдам» ходимлари калтакланди. Бу сафар калтакланган шифокорлар орасида аёл киши ҳам бўлган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.
Ўша куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиали тез тиббий ёрдам станцияси Call-марказига қўнғироқ қилган фуқаро Қарши шаҳри Депо кўчаси, 28-уйда яшовчи, 1967 йилда туғилган Ш.Г. ҳушидан кетгани учун “тез ёрдам” чақирган. Соат 8.36 да чақириқ жойига врач А.Б., фельдшер С.Н. ҳамда ҳайдовчи Ғ.Р.дан иборат “тез ёрдам” бригадаси жўнатилган ва улар манзилга зудлик билан соат 08.42 да етиб борган. Аммо ўша хонадонда жам бўлган кишилар тез тиббий ёрдам ходимларини шахсиятга тегадиган ҳақоратли гаплар билан кутиб олишган.
Врач ва фельдшер хонага кирганида бемор ёнбош ётган, қўллари ва оёқлари букилган ҳолатда бўлган. Врач қон босимини ўлчаш учун унинг қўлини тўғрилашга уринганида қўли музлаганини сезган. Шундан сўнг шифокор дарҳол беморнинг бўйнидаги томир уришини аниқлашга ҳаракат қилган. Томир уриши сезилмаган, бемор нафас ҳам олмаган, кўз қорачиғининг ёруғликка таъсири текширилганида эса умуман реакция бўлмаган.
Шундан сўнг шифокор биологик ўлимни қайд этган. Бу ҳақда ёнида турган фельдшерга маълум қилган. Буни эшитган орқада турган икки эркак киши фельдшер С.Н.нинг белига тўсатдан кучли зарб билан қаттиқ тепган. Аёл киши бўлишига қарамасдан, врач А.Б.ни ҳам бир вақтнинг ўзида қаттиқ калтаклашган. Оқибатда фельдшер воқеа жойида ҳушидан кетган, врач эса жиддий тан жароҳати олган.
“Тез ёрдам” ҳайдовчиси ўша уйда бўлганлардан бири кўмагида шифокор ва фельдшерни машинага олиб чиқиб, РШТЁИМ Қарши филиалига олиб келган. Мутахассислар кўриги ва стандарт текширувларда фельдшер С.Н.га ёпиқ бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши, кўкрак, орқа ва бел, бош энса соҳаси юмшоқ тўқимаси лат ейиши, врач А.Б.га ёпиқ бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши, юмшоқ тўқималарнинг лат ейиши ташхиси қўйилган. Улар айни пайтда РШТЁИМ Қарши филиалининг нейрохирургия бўлимида даволанаяпти.
Чақириқ бўлган хонадондаги марҳумнинг жасадини унинг яқинлари ўзларининг автомашинасида РШТЁИМ Қарши филиалига ўзлари олиб боришган. Реанимация бўлими шифокорлари уни тахминан бир соатча аввал вафот этганини тасдиқлаган. Шундан сўнг шифохона маъмурияти ички ишлар бўлимига хабар берган. Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари воқеа тафсилотларини ўрганмоқда.
Шу ўринда, биз ҳам вазиятга изоҳ бериб, шуни айтишимиз мумкинки, “тез ёрдам” бригадаси чақирилган манзилга кечикмасдан, бор-йўғи 6 дақиқада етиб борган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам яхшилик қилиш умидида хонадонига кириб келган ва ўз хизмат вазифасини виждонан бажараётган шифокорга қўл қўтариш, тажовуз қилиш, унга тан жароҳати етказишни асло оқлаб бўлмайди. Бу инсонийликка, халқимизнинг яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтаришдек, эзгу қадриятларига асло тўғри келмайди.
Афсуски, кейинги пайтларда халқимизнинг асрий қадриятларига ва анъаналарига зид бўлган бундай номақбул ҳолатлар кўпайиб бораяпти. Айниқса, шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида бу каби ҳолатлар кунда-кунора учраб турибди.
Шундан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кўмагида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мазкур қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Ҳозирда мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Ушбу ҳужжат лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида тиббиёт ходимларига нисбатан бундай тажовузларни содир этган шахсларга нисбатан уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш мумкин бўлади.
Яна бир бор қайд этиш жоизки, шифокор ҳеч қачон беморга ёмон бўлишини истаб ҳаракат қилмайди, у ҳамиша инсонларга яхшилик қилишга интилади. Кўмакка муҳтож беморларга шифо бахш этиш, фавқулодда ҳолатларда инсон ҳаёти ва саломатлигини асраш учун бор куч ва салоҳиятини бахш этади.
Шундай экан, бундай фидойи касб эгаларига, уларнинг ҳалол меҳнатига нисбатан адолатсизлик ва ноҳақликларнинг олдини олиш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шароитларни яратиш муҳим вазифадир.
Фуқароларимиз ҳам инсонлар саломатлиги йўлида кун-тун хизмат қилаётган шифокорлар меҳнатини қадрлашни ўзларининг виждоний бурчлари деб билишлари ва бу борада қонун устуворлигини таъминлашга ҳамда қатъий жамоатчилик назоратини ўрнатишга ўз ҳиссаларини қўшишлари зарур.