Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тиббиёт соҳасидаги келишувлар давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Самарқанд вилоят перинатал марказига Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) компаниясининг делегацияси ташриф буюрди.

Маълумки, икки йилдан бери Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик ташкилотининг (GIZ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан тузилган келишувга мувофиқ, кўплаб йўналишлар қатори тиббиёт соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилиб келади. Жумладан, ўтган йили мазкур компаниянинг 90 минг евро грант маблағлари ҳисобига тиббиёт марказида кислород ишлаб чиқарувчи корхона ишга туширилган эди. Йилига 300 миллион сўмлик табиий тиббий кислород ишлаб чиқарувчи мазкур мини завод вилоятимиздаги барча шифохоналарда даволанаётган беморлар, айниқса, янги туғилган чақалоқларнинг саломатлигини мустаҳкамлашда катта хизмат қилмоқда.    

Шунингдек, келишувга мувофиқ, ўтган йили марказда лапараскопия йўналишида врачлар малакасини ошириш ўқув маркази ташкил этилган эди.

Жорий йилда GIZ компаниясининг ваколатхонаси томонидан ташкил этилган акцияларда хориждан келган малакали шифокорлар томонидан икки марта тиббий кўрик ва аёлларда учрайдиган сут бези саратони касаллигини эрта босқичларда аниқлаб, гинекология соҳасида кичик инвазив усулларда жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. 

- Иккала давлат ўртасидаги турли соҳалардаги ўзаро алоқалар йилдан йилга яхшиланиб бормоқда, - дейди Германия халқаро ҳамкорлик ташкилотининг (GIZ) Хитой Марказий ва Шарқий Осиё давлатлари бўлинмаси раҳбари Катрин Оеллерс. – Яқинда Германия иқтисодий ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида янги фойдали шартномалар тузишга эришдик. Жумладан, аёллар касалликларини эрта аниқловчи замонавий ультратовуш диагностикаси ускуналари олиб келиш ва врачлар малакасини ошириш бўйича ҳам келишувларга эришдик. Келгусида ҳам мазкур перинатал маркази билан ҳам янада яқин ҳамкорликда ишлашни режалаштирганмиз. Дунёнинг етакчи клиникаларининг тажрибали мутахассислари ёрдамида ўта мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказиш ва маҳаллий шифокорлар учун маҳорат дарслари ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. 

Ташриф давомида меҳмонлар шифокорларимиз томонидан олиб борилаётган жарроҳлик амалиётларини кузатишди. 

Дилмурод Тўхтаев.

Б.Мустанов олган суратлар.