Тоғ ортидаги ҳаёт

Накурт - Пайариқ туманининг энг олис ҳудудида жойлашган маҳалла. Аҳолиси асосан лалми ерда деҳқончилик қилади ва чорвачилик билан шуғулланади.

50 километргача масофани пиёда босиб ўтганлар

Бир пайтлар бу маҳаллада улов масаласи жуда оғир бўлган. Йўллари ҳам шунга яраша эди. Ўқувчилар таълим олиши, аҳоли тиббий хизматдан фойдаланиши учун шароит етарли бўлмаган.

- Ўтмиш ҳақида гапирсам, ҳозирги ёшларга эртакдек туюлади, - дейди 85 ёшли отахон Муҳаммад Самаров. – Каттагина қишлоғимизда биргина мактаб бор эди. 8 йиллик таълимни шу ерда олганмиз. Юқори синфларда ўқиш учун 8 километр узоқликда жойлашган қўшни Жиззах вилояти Фориш тумани Гараша қишлоғидаги мактабга қатнаганмиз. Кейин Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида ўқидим. Талабалик давримда уйга 3-4 ойда бир келардим. Сабаби, техника муаммо эди. Самарқанддан дуч келган техникага, асосан, юк машиналарида Қўшработ туманининг Зармитан қўрғонигача келиб, бу ёғига 25 километр масофани пиёда босиб ўтардик. Баъзида Пайариқ тумани марказидан қишлоғимизгача, яъни 50 километрдан зиёдроқ йўлда яёв юрганмиз. Аксарият чақалоқлар уйда ёки йўлда туғилган.

Бугун-чи? Маҳаллада бир нечта тиббиёт муассасаси, хусусан, тез тиббий ёрдам шохобчаси ишлаб турибди. Аҳамиятлиси, деярли ҳар бир хонадонда автомашина бор.


Тош мактаблардан машҳурлар етишиб чиққан

Маҳалладаги мавжуд 14 та қишлоқда 5 та мактаб ва уларнинг иккитасига қарашли 5 та филиали бор. Шоир Азим Суюн, профессорлар Аҳмад Қўчқоров, Норқул Қўшматов каби таниқли шахслар шу ҳудуддаги 39-мактабда таълим олган. Улар ўқиган даврда бу мактаб тошдан қурилган бинода фаолият олиб борган.

- 2012 йилда мактаб учун икки қаватли янги бино қурилди, - дейди бошланғич синф ўқитувчиси Рустам Эшқувватов. – Айни дамда мактабнинг 4 та филиали бор. Уларнинг бирида бошланғич таълимни олганман ва бугун шу филиалда дарс бераман. Биз ўқиган пайтда бугунгидек имкониятлар йўқ эди. Масалан, бино тошдан қурилган, фасади ва том усти лой билан сувалганди. Ёғингарчилик кунларида чакка ўтарди. Шундай кунларда ўқитувчимиз топшириғига биноан мактабга ковуш кийиб борардик ва томга туз сепиб, устидан босиб чиқардик. Шу билан бир муддат томчи ўтмасди.


Бугун маҳаллада тошдан қурилган мактаблар ўрнида замонавий, барча шароитларга эга бинолар қад кўтарган. Имкониятлардан унумли фойдаланаётган ўқувчилар эса кўпгина ютуқларни қўлга киритяпти.

- Бу йил мактабимизни тамомлаган 32 битирувчининг 14 нафари давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кирди, - дейди мактаб директори ўринбосари Шоира Назарова. – Уларнинг 7 нафари турли фанлардан миллий сертификатларга эга эди. Бир нафар битирувчимиз инглиз тили фанидан IELTS сертификатини қўлга киритиб, муддатидан олдин нуфузли халқаро университет талабаси бўлди.

Ёшлар ортиқча кучини ҳашарга ишлатади

Икки йилдан бери маҳаллада ёшлар томонидан жиноятчилик содир этилмаган. Айни пайтда бу йўналиш бўйича Накурт “яшил ҳудуд” ҳисобланади.

- Маҳалламизда 6193 нафар аҳоли истиқомат қилади, - дейди ёшлар етакчиси Охун Алиев. – Уларнинг 1684 нафари 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлардир. Ёшларимизнинг 17 нафари ишсиз. Улар ҳам бекор қолгани йўқ, ҳозирча мавсумий ишлар билан банд. Биласиз, тоғлик йигитлар бақувват ғайратли бўлади. Уларнинг бўш вақти бўлса, маҳаллада ўтказиладиган ҳашарга ўз ҳиссасини қўшади.

Шу пайтга қадар маҳалла фуқаролар йиғини ўз биносига эга бўлмаган. Яқинда ҳашар йўли билан қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Ҳар ким қурби етганча моддий ёрдам берди. Айрим ёшлар эса меҳнати билан бинонинг бунёд этилишига ҳисса қўшди. Иморатнинг девори битиб, томи ёпилган. Қолган ишлар, яъни том устини шиферлаш, эшик ва дераза ромларини ўрнатиш учун ҳомийлик ёрдами зарур. Бу масалага туман ҳокимлиги ҳам алоҳида эътибор қаратар балки.

 

Сувсиз ерда боғ яратилди

Маҳаллада аҳоли даромадини ошириш, фаровонликни яхшилаш мақсадида ҳам хайрли тадбирлар амалга ошириляпти.

- Йил бошида 71 нафар фуқаро ишсизлар рўйхатига олинди, - дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Хуршид Қорақулов. – Доимий ишга жойлаштириш, “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури асосида имтиёзли кредит ажратиш ҳисобига 50 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, ногиронлиги бўлган фуқароларга, боқувчисини йўқотган оилаларга субсидия асосида тикув машинаси, ширинликлар пишириш печи, мотокультиватор ва бошқа шу каби ускуналар берилди.

- Адирликда жойлашган 25 сотих майдонда боғ яратишга ҳаракат қиляпман, - дейди иккинчи гуруҳ ногирони Арслон Эшмирзаев. – Турмуш ўртоғим, фарзандларим кўмагида эрта баҳорда 150 туп гилос, 40 туп тут кўчатларини ўтқаздик. Маҳалла томонидан субсидия асосида берилган мотокультиватор ёрдамида ерга ишлов бериб, ниҳоллар орасига қовун-тарвуз уруғини қададик. Тажриба сифатида томчилатиб суғориш тизимини синаб кўрдим. Натижаси яхши бўлди. Сув тежалди, ҳеч бир дарахт қуриб қолмади. Қовун-тарвузнинг ҳосили ҳам ёмонмас. Келгусида боғни 2 гектарга кенгайтириш ниятим бор.

Бир пайтлар маҳалланинг ўйдим-чуқур бўлиб ётган асосий кўчалари равонлашган. Ички кўчаларга ҳам навбати билан асфальт ётқизиляпти. Яқинда “Ташаббусли бюджет” асосида 3 километрга яқин йўл асфальтланди. Таълим ва тиббиёт муассасалари учун ҳам қўшимча замонавий бинолар бунёд этиляпти.

Тўлқин Сиддиқов,

Дилноза Аҳмадова,

Бахтиёр Мустанов (фото+видео).