Тожикистондан келтирилган қарийб 5 кг наркотик модда мусодара қилинди
Навоий вилояти Кармана туманида «Спарк» русумли автомашина тўхтатилиб текширилганида, унда йўловчи сифатида кетаётган, Урганч туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган, муқаддам судланган А.Б.нинг ёнида 992 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида у наркотик моддани Ургут туманида истиқомат қилувчи, 1996 йилда туғилган, муқаддам судланган Т.М.дан сотиб олганлиги маълум бўлиб, у ҳам қўлга олинди.
Ўз навбатида ушбу наркосавдогар ажал оғусини Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаролардан харид қилганлиги аниқланди ва унинг иштирокида назорат остида олиш тезкор-қидирув тадбири ўтказилди.
Жумладан, Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1991 йилда туғилган муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган аёл Х.Х. ва унинг турмуш ўртоғи, 1982 йилда туғилган Х.Ф. 2 кг 966 гр «гашиш» моддасини 21 минг АҚШ долларига сотаётган вақтларида ушланди.
Бундан ташқари, тезкор тадбир давомида Булунғур туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган Х.М. ҳам 954 гр «опий» моддасини Самарқанд шаҳрида сотаётган вақтида қўлга олинди.
Текширувлар давомида ушбу гиёҳвандлик воситалари Тожикистондан контрабанда йўли билан келтирилгани аниқланди.
Ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.