«Толибон» Афғонистоннинг учдан икки қисмини назорат қилмоқда
«Толибон» Афғонистон жанубидаги Лашкаргоҳ шаҳрини эгаллаб олди.
Бундан олдин мамлакатнинг иккинчи ва учинчи йирик шаҳарлари бўлган Қандаҳор ва Ҳиротни, шунингдек Кобулнинг жануб билан ўртадаги муҳим алоқани узиб қўйган Ғазна маъмурий марказини эгаллаб олди.
«Толибон» ҳозирда Америка қўшинлари тўлиқ чиқарилишидан бир неча ҳафта олдин мамлакатнинг 2/3 қисмини назорат қилаётганини таъкидламоқда.
Вашингтон элчихона ходимларини эвакуация қилиш учун қўшимча 3 минг аскар юборишини эълон қилди, шунингдек, кўпгина Ғарб давлатлари ўз фуқароларини мамлакатни тарк этишга чақирмоқда.
Афғонистонга АҚШнинг қўшимча кучларини жойлаштириш вақтинчалик бўлади, албатта.
«Биринчилар қаторида ҳозирда Марказий қўмондонлик масъулияти зонасида бўлган 3 та пиёда батальони бўлади. Улар 24-48 соат ичида Қобулдаги Ҳамид Карзай номидаги халқаро аэропортга йўналтирилади. Учта батальондан иккитаси АҚШ денгиз пиёдалари ва биттаси қуруқликдаги қўшинлар», дея тушунча берди Пентагон матбуот котиби Жон Кирби.
Шу билан бирга можарони дипломатик йўл билан ҳал қилиш умиди тобора камайиб бормоқда. Ваҳоланки, Дохада «Толибон» ва Афғонистон ҳукумати расмийлари учрашувлари давом этмоқда.
«Умид қиламизки, шу ҳафта Дохада Афғонистон Ислом Республикаси ва "Толибон" вакиллари ҳамда минтақавий ва халқаро элчилар ўртасидаги музокаралар можарони тинч йўл билан ҳал қилади», деди БМТ Бош котиби матбуот котиби Стефан Дюжаррик.
Америкалик таҳлилчилар назарида яқин 30 кун ичида Қобул учун кураш бошланади ва «Толибон» бир неча ой ичида мамлакат устидан тўлиқ назоратни қўлга киритиши мумкин. U.S.News маълумотига кўра, бу ҳолда Хитой «Толибон» бошқарувини тан олади.
Уларнинг қайтишидан қўрқиб, минглаб афғонлар эса ўз уйларини тарк этишмоқда.