Толибон ўзбек тилини расмий мақомидан маҳрум қилди
Толибон Афғонистон учун янги бошқарув тизимини ўрнатган ва қонун ҳужжатларида илгари мустаҳкамланган учта тил ўрнига иккита расмий тилни қолдирган вақтинчалик қонун чиқарди. Ҳужжат РИА Новости агентлигига ҳаракатдаги манба томонидан юборилган.
"Асослар" деб номланган қонунда Афғонистоннинг расмий дини - Ҳанифат мазҳабининг сунний исломи, шунингдек, унинг расмий тиллари - пушту ва дарий, деб кўрсатилди. Аввалроқ Афғонистонда юқорида зикр этилган тиллар билан бир қаторда ўзбек тили ҳам расмий мақомга эга бўлиб, унда шимолий вилоятларнинг кўплаб аҳолиси сўзлашади. Қолаверса, мамлакатда ҳазорийлардан ташкил топган катта шиа жамоати мавжуд.
Ҳужжатга кўра, Афғонистонда ислом ҳуқуқшунослари кенгаши ва таркибига ҳар бир вилоятдан сиёсатчи, олим ва руҳонийлар кирган олий кенгаш тузилади.
Ижроия ҳукумат бошлиғи – фуқаролар ва олий кенгаш аъзолари сайлаган президент бўлади. Сайловнинг шаффофлигини таъминлаш учун сайлов комиссияси тузилади. Агар олдинги ҳукумат даврида Афғонистон Миллий ассамблеяси вакиллари депутатлик дахлсизлигига эга бўлган бўлса, янги ҳукумат даврида улар бундан маҳрум этилган, дейилади қонунда.
Қайд этилишича, инглиз, рус ва америкаликлардан мустақил бўлган кун - байрам куни деб белгиланди.
6 сентябрь куни Толибон Афғонистоннинг 34 вилоятининг охиргиси бўлган Панжширни жанглар билан ўз назоратига олди. Эртаси куни Афғонистон муваққат ҳукуматининг таркиби эълон қилинди. Унга Толибоннинг аввалги ҳукмронлиги даврида ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган ва 2001 йилдан бери БМТ санкциялари остида бўлган Муҳаммад Ҳасан Охунд бошчилик қилди.