Толибон тўйларга чекловлар жорий этди

Толибон ҳаракати Афғонистондаги тўйларда жонли мусиқани тақиқлади, энди эркаклар ва аёллар турли залларда базм қилиши керак, деди "РИА Новости"га меҳмонхоналардан бирининг эгаси.

Янги қоидалар Аёллар ишлари бўйича вазирлиги ўрнига тузилган Ислом йўналиши вазирлиги томонидан тўйлар ўтказувчи меҳмонхона ассоциацияси вакиллари билан учрашувда белгиланди.

"Кеча биз толибонлар билан учрашув ўтказдик. Улар меҳмонхоналарда тўй ўтказишга чекловлар қўйишди. Энди меҳмонхоналар хароб бўлиши аниқ", - дейди учрашувда қатнашган меҳмонхона эгаси.

Унинг сўзларига кўра, энди аёллар учун залга фақат оила аъзоларидан бўлган эркаклар кириши мумкин. Эркак ва аёлларга биргаликда рақсга тушиш ва мусобақаларда қатнашиш тақиқланган, шунингдек тантаналарда спиртли ичимлик истеъмол қилиш ман этилган, дея қўшимча қилди у.