Толибонлар ҳужуми оқибатида йигирмага яқин Афғонистон қуролли кучлари вакили ҳалок бўлди

Афғонистондаги “Толибон” (Ўзбекистонда тақиқланган) ҳаракати уюштирган ҳужум оқибатида йигирмага яқин мамлакат қуролли кучлари вакили ҳалок бўлди. Бу ҳақда 30 март куни Афғонистон Мудофа вазирлиги ва маҳаллий ОАВ хабар берди.

Вазирлик берган маълумотга кўра, ҳужумларнинг бири мамлакатнинг жанубида жойлашган Забул вилоятида амалга оширилган. Жангарилар душанбага ўтар кечаси ҳарбий блокпостлардан бирига ҳужум уюштирган, отишмалар оқибатида 6 нафар аскар ҳалок бўлган ва бир нечта жангари йўқ қилинган.

Шунингдек, 1TV телеканали маҳаллий ҳукумат берган хабарга таяниб мамлакатнинг шимолий-ғарбий қисмида жойлашган Тахар вилоятида 13 нафар полиция ходимининг қурбон бўлганлиги ҳақида хабар берди. Улар ҳам душанбага ўтар кечаси толибонлар томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида қурбон бўлган. Бундан ташқари, яна 6 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходими жароҳатланган.

Тинчлик ўрнатишга бўлган саъй-ҳаракатларга қарамасдан, Афғонистон ҳукумати кучлари ва “Толибон” ҳаракати ўртасидаги тўқнашувлар давом этмоқда. Жорий йилнинг февраль ойи охирида Қатарда бўлиб ўтган учрашувда 18 йилдан ортиқ давом этган урушдан сўнг АҚШ ва “Толибон” ўртасида дастлабки тинчлик битими имзоланган эди. Битимда 14 ой ичида Афғонистон ҳудудидан хориж ҳарбийлари олиб чиқиб кетилиши ва март ойида асирлар алмашинуви амалга оширилгандан кейин афғонаро музокаралар бошланиши назарда тутилган.