Тўрт тилда чоп этилган янги тўплам
Самарқанд халқаро технология университети ташаббуси ва «Eriell» компанияси кўмаги билан Ўзбекистон тарихига оид ўзбек, инглиз, рус ва хитой тилларида эксклюзив совға китоблар тўплами нашр этилди.
Янги нашрлар орасида “Зижи Улуғбек. Кўрагоний астрономик жадвали” алоҳида ўринни эгаллайди. Китоб буюк астроном ва давлат арбоби Мирзо Улуғбекнинг Самарқанд расадхонасида яратган ХV асрнинг ажойиб илмий асари ҳақидадир.
Китобнинг ўзбек ва рус тилларига таржималари ҳамда уларга шарҳлар олим, профессор Ашраф Аҳмедов томонидан тайёрланган.
– Шунингдек, тўпламнинг янги нашридан атоқли ўзбек олими, академик Э.Ртвеладзенинг “Буюк ипак йўли. Антик давр ва илк ўрта асрлар” асари ҳам жой олган, – дейди Самарқанд халқаро технология университети ректори Юсуф Абдуллаев. — Китоб Евроосиё мамлакатларини Хитойдан Ғарбий Европага боғлаган савдо йўли - Буюк Ипак йўлининг келиб чиқиши ва тарихига бағишланган.
Тўплам Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланаётган Алишер Навоий асарларининг миниатюра ва бадиий дизайн қўлёзмалари билан тўлдирилган. Иллюстрациялар, кириш мақола санъатшунос З.Раҳимова томонидан тайёрланган.
Китоблар «SMI-ASIA» нашриёти томонидан нашр этилиб, «MEGA Basim» (Туркия) босмахонасида чоп этилган.
Ринат Абдульманов.