Тошкентда самарқандлик эркак шаърий никоҳдаги хотини пичоқлаб ўлдирди

Хотининг уйдан ҳайдаб чиқаргани ва у билан бошқа бирга яшамаслигини билдиргани ортидан ушбу қотиллик жинояти содир этилди.

1978 йил 25 сентябрь куни Самарқанд вилоятида туғилган Қобилов Ёқубжон Эшматович (Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман судининг 2002 йил 4 мартдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси (ЖК) нинг 266-моддаси 1-қисми, 117-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 59-моддаси тартибида, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман судининг 2003 йил 18 декабрдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми “а” банди билан судланган) Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, 15-мавзе, 12-уй, 55-хонадонда шаърий никоҳига олиб Маҳлиё Маҳаматжон қизи билан 2017 йилнинг ёзидан бошлаб яшаб келган.

“Jahon.uz” нашри берган маълумотга кўра, Ёқубжон ва Маҳлиё яшаш вақтларида рашк сабаб ўзаро жанжаллашиб келишган. Давомли келишмовчиликдан сўнг, Маҳлиё ўз онаси И. Кубижоновага тегишли бўлган хонадондан Ёқубжонни ҳайдаб чиқариб юборган ва бир бошқа яшамаслигини билдириб, уйига қайтариб киргизмаган.

Бундан дарғазаб бўлган Ёқубжон ошхона пичоғи билан қуролланиб, Учтепа тумани, 15-мавзе, 16-уй олдидаги автотураргоҳ олдида Маҳлиёни уйдан чиқишини пойлаб туриб, Маҳлиё уйдан чиқиб автотураргоҳда турган “Ласетти” русумли, 01 Н 006308 давлат рақамли автомашинасига келиб ўтирган вақтида, Ё.Қобилов унинг ортидан автомашина олдига келиб, ўнг қўлидаги ошхона пичоғининг ёғоч дастасини тўмтоқ қисми билан автомашинанинг ҳайдовчи олд чап эшиги ойнасини уриб синдириб, сўнгра танасининг бош қисми билан автомашинанинг синган ойнасидан салонига киргани ҳолда қўлидаги ошхона пичоғи билан ҳайдовчи ўриндиғида ўтирган шаърий турмуш ўртоғи Маҳлиёнинг танасини бўйин ва бошқа соҳаларига бир неча марта уриб қасддан ўлдириб, воқеа жойидан қочиб кетган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ҳукмига кўра, Ё.Қобиловга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан 14 йил озодликдан маҳрум қилинди.