Тойлоқда сунъий интеллектга интеграциялашган телевизор ишлаб чиқилмоқда
Тойлоқ туманидаги саноат корхоналарининг сони 216 тага етди. 2025 йил якуни билан туманда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 3 триллион 382 миллиард сўмни ташкил этди.
Туманнинг Адас маҳалласидаги “Ўрамас” корхонасининг ҳам бу рақамларда ўз улуши бор. Яқинда ушбу ишлаб чиқариш корхонаси яна битта катта лойиҳага қўл урди. Энди бу ерда Ўзбекистонда ягона бўлган смарт телевизорлар ишлаб чиқарила бошланди. Хўш, ушбу телевизорларнинг ягоналиги нимадан иборат? Улар нега ягона?
- Шу йилнинг январь ойидан бошлаб корхонамиз негизида янги линия иш бошлади, - дейди “Ўрамас” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Амирхон Сувонқулов. – Шу пайтга қадар олти хил моделдаги чангютгич, мамлакатимизда фақат бизда тайёрланаётган иссиққа чидамли кабеллар ишлаб чиқиб, маҳаллий ва қўшни мамлакатлар бозорига чиқаряпмиз.
Телевизор ишлаб чиқарувчи линиямиз 8 миллиард сўм маблағ эвазига ишга туширилиб, унга Хитойдан келтирилган ускуналар ўрнатилди. Ҳозирда 55-60 дюмли смарт телевизорлар ишлаб чиқаряпмиз. Йилнинг охиригача 75-100 дюмли телевизор ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз. Эътиборлиси шундаки, ушбу телевизорлар сунъий интеллект билан интеграция қилинган бўлиб, истеъмолчилар ундан фойдаланиш имконига эгалар.
Корхонамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар маҳаллийлаштирилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, чангютгич эҳтиёт қисмларининг 80 фоизи маҳаллийлаштирилган бўлса, йил охирига бориб, телевизорнинг ички қисмларини ҳам ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз.
Корхонада бугунги кунда 65 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксариятини хотин-қизлар ташкил этаётгани эътиборимизни тортди. Тадбиркорнинг айтишича, хотин-қизлар масъулият ва меҳнати орқали ишончга кирган.
- Уч ойдан бери шу ерда ишлаяпман, - дейди Шаҳноза Кенжаева. – Ишни даставвал хитойлик мутахассислар ўргатиб кетишди. Бу ерда ўз ишингни бажариш билан бир қаторда хавфсизлик қоидаларга ҳам жиддий амал қилиш лозим. Ойлик-маоши яхши, қолаверса, уйимиз ҳам яқин, ишлаш қулай.
Гулруҳ МЎМИНОВА.