Тойлоқлик тадбиркор энергия ресурсларидан ўғирлагани учун қамоққа олинган

Эслатиб ўтамиз, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш бўйича 2024 йилда 354 та ҳолат аниқланган.

Шунингдек, 232 та газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, 28,8 миллион метр куб табиий газдан фойдаланилган ҳамда давлатга 58,6 миллиард сўм зарар етказилган.

Хабар қилинишича, прокуратура органлари томонидан ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатларни фош этишга қаратилган назорат тадбирлари давом этмоқда. Хусусан, Тойлоқ туманидаги “Э.Л” хусусий корхонаси раҳбари Ш.Л. жамиятга қарашли нонвойхонадаги 7 та тандирни тармоққа ўзбошимчалик билан улаб, 760 миллион сўмлик табиий газни талон-торож қилган.

Ҳолат бўйича туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ш.Л. га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Вилоят прокуратураси тадбиркорларга мурожаат қилиб, фаолияти давомида энергия ресурсларидан қонуний тартибда ва оқилона фойдаланишни сўраган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини фош этишга қаратилган кучайтирилган рейд тадбирлари давом этмоқда.