Трампга қайта сайлов ўтказишда ҳарбий кучдан фойдаланиш таклиф этилди

Доналд Трампдан демократ номзод Джо Байден ғолиб чиққан «иккиланувчи» ҳудудларда қайта сайловлар ўтказиш учун ҳарбий кучлардан фойдаланишни таклиф қилишди. АҚШнинг амалдаги президентига бундай таклифни унинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Майкл Флинн берди. Унинг сўзларини Daily Beast нашриёти келтирмоқда.

Флиннинг айтишича, Трамп овоз бериш аппаратларини мусодара қилишга буйруқ бериши мумкин. Сиёсатчи сайловдаги мағлубиятини айнан шу қурилмаларнинг нотўғри ишидан кўрмоқда. "Агар у хоҳлаганда эди, ҳарбийларни «иккиланувчи» штатларга юбориши ва у ерда осонгина қайта сайловлар ўтказиши мумкин эди", деди Флинн Newsmaxга.

Унинг таъкидлашича, президентнинг бундай ҳаракати мисли кўрилмаган воқеа бўлмаслиги керак эди. «Одамлар ҳарбий ҳолат ҳақида, биз уни ҳеч қачон киритмагандек гапиришади. Ахир ҳарбий ҳолат 64 марта жорий қилинган», деб изоҳлади Флинн.

2020 йил 3 ноябрь куни Қўшма штатларда навбатдаги президент сайловлари бўлиб ўтди. Байден ғалаба қозониш учун керакли миқдордаги сайловчилар овозини тўплаб, амалдаги давлат раҳбари Доналд Трампдан ўзиб кетди. Демократ аллақачон ўз маъмуриятида муҳим лавозимларга номзодлар тайинлай бошлади.