Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштириш нархи маълум қилинди

2021 йил 1 февралдан базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) 245 минг сўм қилиб белгиланди. Шунга кўра:

🔸 Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома учун фақат герб йиғими ундирилади, яъни БҲМнинг 15 фоизи – 36 750 сўм белгиланган.

🔸 Туғилганлик ҳақидаги такроран гувоҳнома учун: жами 73 500 сўм ундирилади, жумладан, давлат божи 15 фоиз – 36 750 сўм, герб йиғими 15 фоиз – 36 750 сўм.

🔸 Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани жойига чиқиб, тантанали вазиятда бериш герб йиғими БҲМнинг 15 фоизи – 36 750 сўм ҳамда 50 фоизи – 122 500 сўм пуллик хизмат ундирилади.

Бола туғилган жойдаги тиббиёт муассасаси ходими бола туғилганидан сўнг 1 кун ичида бола ва ота-онаси ҳақидаги маълумотларни “Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш” ахборот алмашинуви тизимига киритади.

Маълумотлар автоматик равишда "ФҲДЁ ягона электрон архиви" ахборот тизимига юборилади. ФҲДЁ бўлими маълумотларни қабул қилиб олганидан сўнг 3 иш соати ичида кўриб чиқади ва болага туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштиради.

Маълумотлар комплекс тартибда бошқа хизматларни кўрсатиш учун автоматик равишда ички ишлар, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ахборот тизимларига юборилади.  Шунга кўра:

🔹 туман (шаҳар) ички ишлар бўлими – болани 1 кун ичида тегишли манзил бўйича доимий рўйхатга қўяди;

🔹 Мактабгача таълим вазирлиги – мактабгача таълимни бошқаришнинг ахборот тизимида сўровда кўрсатилган боғчага болани автоматик равишда навбатга қўяди;

🔹 Соғлиқни сақлаш вазирлиги – 1 иш куни ичида она рўйхатда турган поликлиникага (рўйхатда турмаган тақдирда доимий ёки вақтинча рўйхатда турган яшаш манзилидаги поликлиникага) болани рўйхатга қўяди;

🔹 Пенсия жамғармаси бўлими – фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини автоматик равишда расмийлаштиради.  

Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматлари Тошкент ва Нукус шаҳарларида 2021 йил 1 февралдан, барча вилоят марказларида 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб бутун республика ҳудудида кўрсатилади.

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева маълумот берди.