Туризм университетида дарс жараёнлари фақат инглиз тилида олиб борилади
Бугун олий ўқув юртларига 1-курсга қабул қилинган талабалар учун танишув-таништирув дарслари бўлиб ўтди.
12 октябрдан 17 октябргача давом этадиган ўқишда дарслар анъанавий шаклда олиб борилмоқда. Бунинг учун олий ўқув юртларида алоҳида тайёргарлик кўрилган.
Жумладан, “Ипак йўли” туризм халқаро университетида танишув ҳафталиги “Келажак сари илдам қадамлар” мавзусидаги тадбирлар билан бошланди. Ҳафталик доирасида ўтказилган “Университетга хуш келибсиз!” (“Welcome to the University!”) номли тадбир давомида талабаларга мазкур олий ўқув юрти фаолияти ҳамда уларга таълим берадиган профессор-ўқитувчилар яқиндан таништирилди.
- Олий ўқув юртимизга 2020-2021 ўқув йили учун 500 дан зиёд ёшлар талабаликка қабул қилинди, - дейди университет биринчи проректори Жўлибой Элтазаров. – Улар орасида ўзбекистонлик талабалардан ташқари Россия, Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистон каби давлатлардан ҳам ёшлар бор. Бу ерда улар 12 таълим йўналиши бўйича таҳсил олади. Талабаларга дарс берадиган профессор-ўқитувчиларнинг ҳам кўпчилиги дунёнинг нуфузли олий ўқув юртларидан таклиф қилинган. Шунингдек, хорижий давлатларда туризм йўналишидаги университетларда фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик ёш мутахассисларни 10 миллион сўмдан кам бўлмаган маош билан таъминлаш шарти билан ишга жалб қилдик.
- Мазкур халқаро университет талабаси бўлганимдан хурсандман, - дейди андижонлик Гулноза Эсонова. – Таълим муассасаси билан танишар эканман, бу ерда дарслар инглиз тилида олиб борилишини эшитиб, ўзимни хорижнинг нуфузли университетларидан бирининг талабасидек ҳис қилдим. Келгусида бизга яратиб берилаётган имкониятлардан фойдаланиб, қўшдиплом таълим дастури асосида ўқишимни Хитойдаги туризм университетида давом эттирмоқчиман.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов (фото).