Туркия Ироқ ва Сурия шимолида сўнгги йиллардаги энг йирик ҳарбий амалиётни ўтказди

Туркия армияси 19 ноябрь куни бошлаган “Танжа-қилич” операцияси давомида Ироқ ва Сурияда 364 нафар жангарини йўқ қилди. Бу ҳақда Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акар парламентда ҳарбий департамент бюджетини муҳокама қилиш чоғида маълум қилган. Унинг сўзларини бугун Milliyet газетаси келтирмоқда.

Вазир операцияни сўнгги йиллардаги энг йириги деб атаган. Унга кўра, ҳаво ва ердан берилган зарбалар натижасида Туркияда террорчи ташкилот деб эълон қилинган Курдистон ишчилар партияси жангарилари базалари, уларнинг омбор ва бошпаналари вайрон қилинган.

Амалиёт 13 ноябрь куни Истанбулда 6 киши ҳалок бўлган, 80 дан ортиқ киши яраланган терактга жавобан бошланган эди.

Мудофаа вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, йил бошидан буён мамлакатда 4000 га яқин курд жангарилари йўқ қилинган. Акар 2015 йил июль ойидан буён армия томонидан олиб борилган амалиётлар натижасида Туркия, Ироқ шимоли ва Сурияда 37 мингдан ортиқ террорист йўқ қилинини айтди.