Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон тинчлик бўйича Нобел мукофотига номзод сифатида кўрсатилди

Туркия парламенти спикери Мустафо Шентоп чоршанба куни Эрдўғонни “Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик саъй-ҳаракатларига қўшган ҳиссаси учун” нуфузли мукофотга номзод қилиб кўрсатиш ташаббуси билан чиққанини маълум қилди, деб хабар бермоқда "Анадолу" агентлиги.

Шентопнинг сўзларига кўра, бошқа давлатлар парламент спикерлари ва депутатлари ҳам шундай мурожаатлар билан чиқишади.

Нобель жамғармаси низомига кўра, миллий парламент ва ҳукумат аъзолари, Тинчлик учун Нобель мукофотига сазовор бўлган шахс ва ташкилот аъзолари, Норвегия Нобель қўмитасининг амалдаги ва собиқ аъзолари, халқаро суд аъзолари ва бошқалар номзодларни кўрсатиши мумкин.

Нобель жамғармаси низомига мувофиқ, лауреатлар Норвегия парламенти томонидан тайинланган Норвегия Нобель қўмитаси томонидан сайланади.

Тинчлик учун Нобель мукофоти 1901 йилдан бери ҳар йили берилади.

Мукофот топширилганда фақат ғолиб исми маълум бўлади. Бошқа барча номзод ва Нобель қўмитаси аъзоларининг фикри 50 йил давомида сир сақланади.