Туркияда ўз жонига қасд қилган ўзбекистонлик қизнинг дугонаси марҳума билан сўнгги суҳбатини сўзлаб берди
Турк депутати Ширин Уналнинг уйида ўз жонига қасд қилган ўзбекистонлик Нодира Қодированинг дугонаси Лайло Ниёзова Туркиянинг “Жумҳурият” газетасига телефон орқали марҳума билан сўнгги суҳбатида нима ҳақида гаплашганини сўзлаб берди.
“22 сентябрдан 23 сентябрга ўтар кечаси дугонам Нодира менга қўнғироқ қилди. Биз икки соат давомида гаплашдик. У тинмай йиғлаб, ҳамма нарсадан чарчаганини, тўйиб кетганини бот-бот такрорлади. Ҳатто ўз жонига қасд қилишини ҳам айтиб ўтди.
Шунда мен қўймай сабабини сўраганимда, икки ҳафта олдин ётган хонасига хўжайини кириб, эшикни ичкаридан қулфлаб унга ёпишганини ва хўжайиннинг тўппончасини ўқи билан топиб олганини айтди.
Дугонамнинг бу гапларини ҳазилга йўйдим. Бунақа бўлиши умуман хаёлимга ҳам келмаганди”, деди Лайло Ниёзова.
Хабарда айтилишича, қизнинг ўлганига икки кун бўлишига қарамай, полиция ҳамон Лайло Ниёзовадан кўрсатма олмаган. Шунингдек, суд-тиббий экспертизаси ҳам бир кунда тамомланган.
Нодира Қодирова кеча, 26 сентябрь куни Ўзбекистонда дафн қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг адолат ва тараққиёт партияси депутати Ширин Уналнинг уйида 1 йилдан бери ишлаб келаётган 23 ёшли ўзбекистонлик Нодира Қодированинг ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар бергандик.