Туркиядаги Ўзбекистон элчихонаси ватандошларга огоҳлантириш билан чиқди
Ўзбекистон элчихонаси Туркияда бўлиб турган ёки у ерга сафар қилишни режалаштираётган фуқароларга мазкур мамлакатда карантин чоралари кучайтирилгани муносабати билан мурожаат йўллади.
Кеча, 17 ноябрь куни Туркия расмийлари янги турдаги коронавирус COVID-19 тарқалишига қарши курашиш доирасида карантин чоралари кучайтирилганини маълум қилди.
Янги чекловлар жорий йил 20 ноябрдан кучга киради. Хусусан, бундан аввалроқ 65 ёшдан катта фуқароларнинг кўчага чиқишларига ўрнатилган чекловлар энди 20 ёшгача бўлганларга ҳам тегишли бўлди.
Бундан ташқари, мамлакатда дам олиш кунлари уйдан чиқишга қисман тақиқ жорий этилмоқда. Мамлакат бўйлаб дам олиш кунлари қисман комендантлик соати ҳам кучга киради. Аҳолига фақат маҳаллий вақт билан соат 10:00 дан 20:00 гача кўчага чиқишга рухсат берилди.
Давлат муассасалари, бозорлар, савдо марказлари, дўконлар, ресторанлар, кафелар, сартарошхоналар ҳафта давомида соат 10:00 дан соат 20:00 гача ишлайди. Ресторанларга фақат буюртмаларни етказиб бериш йўналишида фаолият юритишга рухсат берилмоқда. Кинотеатрлар йил охиригача ёпиқ бўлади. Ўйин ва спорт майдончаларидан фойдаланиш тақиқланади. Мамлакатдаги барча спорт тадбирлари томошабинларсиз давом эттирилади.
Мактаб ўқувчилари ва талабалар учун масофавий ўқитиш 2020 йил охиригача узайтирилмоқда.
Кўчада сигарет чекишга тақиқ ҳам амалда қолмоқда.
Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимият органлари эпидемиологик вазиятга қараб, қўшимча чеклов чораларини жорий этиш ҳуқуқига эга бўлди. Хусусан, Туркиядаги коронавирус билан касалланганларнинг ярмидан кўпини ташкил этадиган Истанбул шаҳар расмийлари 2020 йил 19 ноябрдан бошлаб музейлар ва санъат марказлари, сузиш ҳавзалари ва концерт залларини ёпмоқда.
Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, пандемия пайтида мамлакатда 11 минг 804 киши коронавирусдан вафот этган. Сўнгги 24 соат давомида 103 киши ушбу касаллик туфайли дунёдан кўз юмган.
Шу кунга қадар мамлакатда жами 421 мингдан ортиқ кишида COVID-19 аниқланган. Кунига 3 мингдан ортиқ бемор янги коронавирус инфекцияси билан боғлиқ шикоятлар билан мурожаат қилмоқда.
Юқорида келтирилган маълумотларга биноан, Ўзбекистон элчихонаси Туркияда вақтинча бўлиб турган, доимий яшаётган, ўқиётган, меҳнат қилаётган ёки ушбу мамлакатга сафар қилишни режалаштираётган ватандошлардан ушбу чеклов чораларини ҳисобга олиш, ўз соғлиғига эътиборли бўлиш ҳамда расмий органларнинг аҳолини коронавирус тарқалишидан ҳимоя қилишга қаратилган барча талабларини бажаришга чақиради.