Ургут «осмони»га саёҳат ёхуд тоғлар орасидаги имконият

Кейинги йилларда Ургут туманида экотуризм, зиёрат туризми, туризм қишлоқлари ҳамда экстремал туризм каби йўналишларда замонавий инфратузилмалар яратилмоқда. Бу эса нафақат маҳаллий аҳоли фаровонлигига, балки мамлакатимиз туризм салоҳиятининг юксалишига ҳам хизмат қиляпти.

Хусусан, туманда кейинги пайтларда экстремал туризм йўналиши оммалашяпти. Бундай имконият ҳамма жойда ҳам бўлавермайди. Чунки аксарият ҳудудларда тоғ рельефи, баландлик, шамол тезлиги, об-ҳаво ва бошқа шароитлар мос келмайди.

— Параплан моторсиз, енгил ва қулай парвоз қилиш воситаси саналади, — дейди Ўзбекистонда параплан бўйича халқаро фестиваль ва мусобақалар ташкилотчиси Алишер Исломов. — У бир қараганда парашют каби кўринади, лекин ундан фарқли равишда, парапланда узоқ масофага ва баландликка парвоз қилиш мумкин. Парашют билан самолёт, вертолёт ёки баландликдан сакраш орқали пастга тушилса, параплан орқали ҳавода сузилади, пилот томонидан тўлиқ бошқарилиб, бурилиш, кўтарилиш, пасайиш имконияти мавжуд.

Экстремал туризмни ривожлантириш ва айнан парапланда учиш учун энг қулай жойлардан бири Ургут тумани тоғларидир. Тўрт йил давомида ҳудуднинг инфратузилмаси, иқлими, тоғларнинг баландлиги, шамол йўналиши ва тезлигини халқаро даражадаги мутахассислар билан ўрганиб, бунга ишонч ҳосил қилдик. Ҳозирда ҳудудга хорижлик спортчилар ва парапланшуносларни жалб қилиб, улар иштирокида мусобақа ва фестиваллар ўтказиб, тажриба алмашяпмиз. Шу билан бирга парапланда учишни хоҳловчи ҳаваскорлар ва маҳаллий аҳоли учун парвоз қилиш хизматини ҳам йўлга қўйдик.

Шу йил туманнинг Андак, Чорчинор, Сариқтепа маҳаллаларида илк бор ташкил этилган халқаро параплан фестивали ва мусобақаларида 20 дан ортиқ давлат парапланчилари, ҳаваскор спортчилар ва миллионлаб маҳаллий аҳоли иштирок этди.

— Ҳозирги кунда 70 га яқин парапланда учувчи пилотларимиз бор, — дейди ўзбекистонлик парапланчи Мурод Содиқов. —  Ушбу пилотларимиз билан халқаро мусобақаларда, жаҳон кубоги баҳсларида иштирок этиб келяпмиз. Юртимизда ҳавода учиш спорти энди ривожланмоқда. Яқинда мамлакатимизда илк бор Ургут туманида халқаро параплан мусобақаси ташкил этилгани бу спортга қаратилаётган эътибор ва туризмнинг янги йўналаши ривожланаётганини кўрсатади. Ургут тоғларидаги шароит Ҳиндистондаги халқаро парапланда учиш учун мўлжалланган жойга ўхшайди ва буни хорижлик парапланчилар ҳам эътироф этаётгани таҳсинга лойиқ.

— Самарқанддаги дунёга машҳур Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси ҳақида кўп эшитганман, - дейди россиялик парапланчи Наталья Липатникова. – Лекин Ургут туманидаги баланд тоғлар ҳақида маълумотга эга эмасдим. Ростини айтсам, кўп мамлакатларда учганман, бу ердаги табиат мени ҳайратга солди. Тоғлар жуда жозибали, қияликлар эса учиш учун қулай. Юқоридан қараганда, тоғлар билан қопланган кенг водий, яшил боғлар жуда чиройли кўринади. Айниқса, маҳаллий аҳолининг бизга ҳурмат билан муносабатда бўлгани жуда ёқди. Яқиндаги бозор ва ошхоналарга ҳам бордик, таомлари мазали ва нархлари ҳам қулай.

Айни пайтда тоғ туризмини ривожлантириш, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сонини янада кўпайтириш, туманни доимий экстремал туризм бўйича тадбирлар ўтказиладиган жойга айлантириш мақсадида Андак, Чорчинор, Сариқтепа маҳаллалари тоғларида махсус учиш майдонлари ташкил этиш ва бу жойларга олиб борувчи йўлларни таъмирлаш, транспорт, меҳмонхона ва бошқа турдаги хизматларни йўлга қўйиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.