Ургутда соғлигини тиклашга маблағ тополмаётган бир неча бемор ҳокимлик кўмагида даволанадиган бўлди

Туман ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, шу кунларда жойларда маҳалла раислари, профилактика инспекторлари иштирокида фуқароларнинг муаммоларини уйма-уй юриб ўрганиш чоғида бир неча беморларнинг даволанишга имкон топа олмаётгани маълум бўлган.

Жумладан, Қуйи Тегана маҳалласида яшовчи ўсмир томдан йиқилиши оқибатида умуртқа поғонасидан жароҳат олиб, 6 йилдан буён тўшакка михланиб қолган. Ҳозирда бу йигит Тошкент болалар педиатерия институтига муолажа олиш учун юборилиб, май ойида ўтказиладиган жарроҳлик амалиётига тайёрланмоқда.

Ўрганишлар давомида яна бир неча беморларнинг худди шундай даволаниши ташкил этилган. Шунингдек, ҳоким иштирокида уйма-уй ўтказилган ўрганишларда ўта абгор ҳолатдаги ҳовлида яшаб келаётган хонадонлар аниқланган. Уларга ҳам ёрдам кўрсатиш масаласи ҳал этилган.

Ачинарлиси, мазкур ўрганишларгача юқоридаги каби беморлар, хароб ҳовлида яшаётганлар ҳақида на маҳалла ва на бошқа ташкилот туман ҳокимлигига хабар берган. Мазкур ҳолат ҳоким иштирокида ўтказилган йиғилишда қаттиқ танқид остига олинган.