Ургутда сув қувурининг ёрилиши сунъий йўлдошдан аниқланади

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 апрелда қабул қилинган “Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонига кўра, Ургут тумани инновацион ҳудудга айлантирилмоқда.

“Ургут туманини инновацион ҳудудга айлантириш” лойиҳаси доирасида туман марказида сунъий йўлдош технологияси ёрдамида ер ости сув қувурларидаги кўринмас носозликларни аниқлаш ва ер ости инфратузилма объектлари (сув, газ, канализация қувурлари, телекоммуникация ва электр тармоқлари)ни хариталаш” инновацион лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда, - дея хабар берди Zarnews" га Инновацион ривожланиш вазирлигидан инновацион ҳудудга бириктирилган масъул ходим Алишер Норбоев. - Ўзбекистон ва Исроил компаниялари коммунал хўжаликда хизмат кўрсатиш соҳасидаги муаммоларнинг инновацион ечимлари билан шуғулланувчи «Maya International Infrastructure» қўшма корхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилади".

Ушбу компания лойиҳа доирасида 2021-2022 йилларда туманга 2,2 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритмоқда. Биринчи лойиҳага асосан сунъий йўлдош технологияси ёрдамида ер ости сув қувурларидаги кўринмас носозликлар аниқланади.

Мазкур инновацион лойиҳа билан 1 йил давомида 5,3 миллион метр куб ичимлик сувининг йўқолиш ҳажми мавжуд ва 1,4 миллион метр куб сувнинг исроф бўлиши олди олинади. Бу билан 2 миллиард сўм маблағ тежалади, аҳолига етказилаётган ичимлик сувининг сифати ва таъминоти яхшиланади. Ушбу лойиҳада сув қувурларини ковламасдан автоматлаштирилган усулда санация (реабилитация) қилинади. Қувурларнинг яроқлилик муддати 50 йилгача етади. Ер остига ичимлик сувининг сизиши натижасида шаҳар инфраструктурасига зарар етиши (асфальт йўлларнинг чўкиши, бузилиши) олди олинади.