Ўзбекистоннинг «яшил» тараққиёт йўли «Яшил йил» китобида
Мамлакатимизда амалга оширилаётган экологик ислоҳотларни кенг ёритган «Яшил йил» китоби нашрдан чиқди.
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгашининг даврий нашри — «Oila va tabiat» таҳририяти томонидан тайёрланган ва «Ijod-nashr» нашриётида чоп этилган ушбу китоби бугунги кунда мамлакатимиздаги экологик жараёнларни атрофлича ёритишга қаратилган.
Китобдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатларининг экологик қонунчилик самарадорлигини оширишга қаратилган фикр-мулоҳазалари, тавсия ва таклифлари ўрин олган. Шунингдек, экология соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган олимлар, профессор-ўқитувчилар, изланувчи ва тадқиқотчиларнинг долзарб экологик мавзулардаги таҳлилий мақолаларига ҳам кенг ўрин берилган.
«Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили»да давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан амалга оширилган экологик ислоҳотлар, уларга Ўзбекистон Экологик партиясининг муносабати, ҳудудлардаги экологик муаммоларни ҳал этишда партия депутатларининг иштироки алоҳида ёритилган.
Китобда кўплаб фуқароларнинг ҳақли эътироз ва мулоҳазаларига сабаб бўлаётган дарахтларнинг ноқонуний кесилиши, ноёб ҳайвонларнинг овланиши, чиқиндиларнинг нотўғри утилизация қилиниши, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, ноқонуний қурилишлар билан боғлиқ экологик муаммоларга жамоатчилик, депутатлар ва журналистларнинг муносабатлари акс этган таҳлилий-танқидий чиқишлар ҳам ўрин олган.
Буларнинг барчасини халқимизни ўйлантираётган, уларни ташвишга солаётган экологик муаммоларнинг матбуот ва босма нашрлардаги ифодаси, деб айтиш мумкин.
«Яшил йил» китобида экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш ва улардан самарали фойдаланиш масалалари ҳам кенг ёритилган. Табиатни асраш, биологик хилма-хилликни сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга бағишланган мақолалар аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Шу жиҳатдан, мазкур китобни умумтаълим мактабларида экология билан боғлиқ фанларни ўқитишда, шунингдек, яшил техникумлар, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари учун ҳам фойдали манба сифатида тавсия этиш мумкин.
«Яшил йил» — ҳар бир ўқувчини ўзига жалб этадиган, экологик билим ва дунёқарашни бойитадиган, бугунги кун учун муҳим масалаларни қамраб олган нашрдир. Унда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган экологик ислоҳотларнинг ўзига хос мужассам ифодасини кўриш мумкин.