Ургутдаги Камонгарон маҳалласидан 3 та маҳалла ажралиб чиқди

Йил сайин аҳоли сонининг ортиши янги маҳаллаларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Яқинда Ургут туманидаги бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинларидан янги маҳаллалар ажралиб чиқди.

Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича комиссия йиғилишида маълум қилинди.

Хусусан, Катта Торинжак маҳалласидан Қуйи Торинжак маҳалласи, Қуйи Алгар маҳалласидан Мустақиллик маҳалласи, Қайроқли маҳалласидан Янгиҳаёт маҳалласи, Ўроқбойжар маҳалласидан Қуйи Ўроқбойжар маҳалласи ажралиб чиқди.

Шунингдек, Боғишамол маҳалласидан Истиқлол ва Бинокор маҳаллалари, Вағашти маҳалласидан Ўрта Вағашти, Янги Вағашти маҳаллалари, Камонгарон маҳалласидан Катта Камонгарон, Қуйи Камонгарон, Хўжа Аҳрор Вали маҳаллалари ажралиб чиқди.

Бундан ташқари, Жартепа, Ватак маҳаллаларидан Зарафшон маҳалласи ажралиб чиққан бўлса, Мирзабоғлон-Чеп маҳалласи Мирзабоғлон ҳамда Чеп маҳалларига бўлинди.

Ургут туманидаги Ўрамас, Ваткан Қўзибек, Чағизмон, Деҳқонобод, Муродқишлоқ, Хўжайдуқ, Бунёдкор, Ипакли маҳалла фуқаролар йиғинларидан янги маҳалла ажралиб чиқиши учун берилган таклифлар Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 4 мартдаги “Шаҳарлар, посёлкалар, қишлоқлар ва овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ рад этилди. Сабаби, ушбу қарорга кўра, маҳаллада 1500 та оила истиқомат қилса, янги маҳалла тузилмайди. Оилалар сони 1500 дан ортганида янги маҳалла тузишга рухсат берилади.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.