Ургутлик уста ойлигидан орттирган маблағларидан кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатди
Ургут туманининг Катта Торинжак маҳалласида яшовчи Шахзод Бобоев Самарқанд шаҳридаги устахонада оддий электрчи бўлиб ишлайди. Айни кунда карантин муносабати билан Ургут шаҳридаги уйида яшамоқда.
Жорий йилнинг 21 апрель куни эрталаб Ш.Бобоев Ургут тумани ҳокимлигига келиб, Самарқанд шаҳрида ишлашини, озроқ ойлигидан йиққан маблағидан шароити оғир икки оилага ёрдам бериши масаласида мурожаат қилди. Суҳбат асносида туман ҳокимлиги масъулларидан бири бугунги синовли кунларда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар эътиборда эканлиги, ойликка ишлаётган устага ушбу маблағни рўзғорининг кам-кўстига ишлатишини айтади.
- Ҳозирча рўзғоримга етадиган озиқ-овқат маҳсулотларим бор, - деди уста. - Шундай кунларда бир-биримизга кўмаклашмасак, эртага виждон азоби қийнамайдими? Қўлимда ҳунарим бор, икки қўлим, оёғим соғлом. Ишлаб рўзғоримни бутлашга имконим етади.
Савоб иш қилиш истагида бўлган фуқаро туманнинг Ўроқбойжар ва Халқобод қишлоғида яшовчи 2 нафар буйрак етишмовчилиги билан касалланган оилаларга ДСЭОМ ходимлари кўмагида ҳомийлик кўмагини қилди.