Ухан шифокорлари сўнгги оғир аҳволдаги беморни даволади

Дастлабки коронавирус хуружи қайд этилган Хитойнинг Ухан шаҳри шифокорлари оғир аҳволдаги сўнгги беморни ҳам даволашди. Бу ҳақда бугун, 24 апрель куни ўтказилган брифингда ХХР соғлиқни сақлаш тизими вакили Ми Фэн маълум қилди.

“Ҳозиргина келиб тушган маълумотга кўра, Уханда коронавирус инфекцияси оқибатида аҳволи оғир бўлиб турган бемор шифо топди ва ҳозирга келиб бу шаҳардаги оғир аҳволдаги беморларнинг сони нолга тенглашди”, деди Ми Фэн. 

Уханда коронавирус хуружи бошлангандан буён 50 мингдан ортиқ касалланганлар аниқланди, касалланганларнинг 93 фоизи соғайишга муваффақ бўлди, 3869 нафар бемор вафот этди.

Тақдим этилган сўнгги маълумотларга кўра, ХХРда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони айни вақтда 915 нафарни ташкил этмоқда. Касалланганлар билан яқин мулоқотда бўлган 8,3 минг киши шифокорлар назоратига олинган. Шу билан бирга, мамлакатда 20 нафар фуқарода коронавирус аломатлари кузатилмоқда. Шифокорлар тақдим этган маълумотларга кўра, мамлакат бўйлаб касалланган 915 нафар беморнинг 57 нафарида касаллик оғир кечмоқда.