Узоқ гапирилган, аммо энди амалга ошаётган туризм тури даромад келтирадими?

Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар зиёрати томошасидан кейин хорижлик меҳмонларни шаҳарнинг яшил белбоғи саналмиш Самарқанд туманидаги яшилликлар ва табиат қўйнида дам олдиришни ташкиллаштириш ҳақида соҳа вакиллари узоқ вақтдан бери гапиради. Туман ҳокимлиги томонидан ўтказилган пресс-турда журналистларга мазкур ҳудуддаги туризм масканлари намойиш этилди.

Айтиш керак, яқин йилларда Самарқанд туманида йирик экотуристик ҳудудлар, жумладан «Конигил» туризм қишлоғи, шунингдек «Оқбўйра гарден» дам олиш маскани ташкил этилди.

- Ушбу маскан 2020 йилнинг октябрь ойида ташкил этилган бўлиб, дам олувчилар Оҳалик тоғ ён бағрида баҳаво масканда дам олиши учун барча шароитлар яратилган, - дейди тадбиркор Илҳом Нуруллаев. - Ушбу ҳудуд оромгоҳлар, дам олиш учун шийпонлар, сузиш ҳавзаси ҳамда болалар учун ўйин майдончаси кабиларни ўз ичига олади. Шунингдек, очиқ ҳавода меҳмонлар учун турли концертлар ва шоу-дастурлар ташкил этилади.

Замон стандартларига жавоб берадиган лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллиард сўмдан ортиқ. Ҳудудга ташриф буюрувчилар тоғ манзарасидан баҳраманд бўлиши ҳамда пиёда ёки отда сайр қилишлари мумкин. Экотуризмни ривожлантириш учун ташкил этилган ушбу масканни кенгайтириш ҳаракатидамиз.

Ёзнинг жазирамасида ушбу дам олиш масканига боргунча сарғайиб кетган тоғларнинг манзараси акс этиб турган. Аммо 1 гектарлик ушбу масканга кириб боришингиз билан ўзгача муҳит, минглаб арча, павловния, юзлаб турли ўсимликлар экилгани учун ўзига хос микроиқлимга дуч келасиз. Қолаверса, тоғ ёнбағрида ҳаво ҳарорати шаҳардагидан кўра 10 даражагача паст бўлади. Мутасаддилар айтишича, асосан хорижий сайёҳлар ташрифи учун мўлжалланган ушбу маскан карантин чекловлари туфайли айни кунларда маҳаллий аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Тадбиркор ушбу маскан ёнидан яна 1 гектар ер ажратилса, уни кенгайтириш, обод масканга айлантириб, дам олишдан ташқари бир нечта спорт турлари билан шуғулланиш имконини яратиши мумкинлигини айтмоқда. Афсуски, ҳозирча тадбиркорга ушбу ҳудуддан ер ажратилиши масаласи очиқ қолмоқда.

Гулруҳ Мўминова.