Вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида қандай масалалар муҳокама қилинади?
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши маслаҳат кенгашининг навбатдаги йиғилишида шу ҳақда фикрлашиб олинди.
Йиғилишда Олий Мажлис Сенатига кўмаклашувчи комиссиясига вилоятдан ёрдам берувчи ишчи гуруҳи раиси, Сенати аъзоси Ф.Тошев, халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири Ш.Юлдашев, Кенгаш доимий комиссиялари раислари, сиёсий партия гуруҳи раҳбарлари ҳамда тегишли мутасаддилар қатнашди.
Унда дастлаб халқ депутатлари вилоят Кенгашининг VI чақириқ навбатдаги сессия кун тартибига киритиш тўғрисида таклиф берилган масалалар муҳокама қилинди. Маълумки, амалдаги тартибга биноан сиёсий партиялар, уларнинг Кенгашдаги депутатлик гуруҳлари ва Кенгаш доимий комиссиялари навбатдаги сессия кун тартиби юзасидан таклиф бериш ваколатига эга.
Ўз навбатида, киритилган таклифлар дастлабки тарзда Кенгашнинг доимий комиссияларида кўриб чиқилиши талаб этилади. Муҳокамалар чоғида мазкур талаб асосида маъқул, деб топилган масалаларни сессия кун тартибига киритишга келишиб олинди.
- Мавжуд қонунчиликка кўра, Кенгаш мавжуд қонун-қоидалар ижросини назорат қилувчи вакиллик органи ҳисобланади, - деди Кенгаш котиби Ш.Юлдашев. – Аммо талаб ва тартиб барча учун бирдек бўлиши лозим. Хусусан, доимий комиссияларимиз ўз иш режаларини қай даражада амалга ошираяпти, улар олдига қўйган вазифаларни бажаришларига нима тўсқинлик қиляпти каби саволларга жавоб олиш мақсадга мувофиқ. Шу боис навбатдаги сессия давомида доимий комиссия раисларининг ҳисоботини эшитишни таклиф қилмоқчиман.
Маслаҳат органи мазкур таклифни қўллаб-қувватлади. Шунингдек, Кенгаш аъзолари навбатдаги сессия кун тартибига сессияларда тушган саволлар, депутатлик сўровлари ва Кенгаш қарорлари ижроси тўғрисидаги масалани киритишга келишиб олди.