Вилоят соғлиқни сақлаш ва пенсия жамғармаси бошқармалари эътиборига: Қарияларга ҳеч қандай имтиёз йўқми?

Таҳририятимизга Пайариқ туманида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Турди Турсуновдан қуйидаги мазмунда хат келди:

“Янгам Ҳалима Тошназарова 1938 йилда туғилган. Кўп йиллар колхозда оғир ишларни бажариб, пенсияга чиққан. II гуруҳ ногирони. Колхозда 40 йил ипак қурти боққан, район советининг депутати бўлган. Шундай бўлса ҳам 700 минг сўмга яқин пенсия олади. Пенсияси дори-дармонига ҳам етмаяпти. Унга бирор имтиёз борми?

Мен ҳам пенсия ёшидаги ижодкор кишиман. Аммо ҳалигача бирон имтиёздан фойдаланган ҳолда саёҳатга чиқмаганман, даволаниш учун санаторияларга бормаганман. Умуман, пенсия ёшидаги фуқароларга имтиёзлар борми?”.

Ушбу саволга тегишлилиги бўйича жавоб беришни сўраб вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармасига мурожаат қилдик. Афсуски, иккала ташкилотдан ҳам бу ҳақда ҳеч қандай маълумот ололмадик.

Хўш, пенсия ёшидаги, хусусан, ногиронлиги бўлган пенсия ёшидаги кишиларга ҳеч қандай имтиёз йўқми?