“Women’s Chess Championship”: Шахмат бўйича мукофот жамғармаси 50 минг АҚШ долларилик халқаро турнир ғолиблари аниқланди

Самарқанд шаҳрида аёллар ўртасидаги “Women’s Chess Championship” учинчи халқаро турнири якунланди.
14 давлатдан 150 нафарга яқин шахматчи хотин-қизлар бош соврин учун курашган турнирда ФИДЕ рейтингида 1800 дан юқори бўлганлар “А” гуруҳида, рейтинги 2000 ва ундан паст даражадагилар “Б” гуруҳида дона сурди.
Мукофот жамғармаси 50 минг долларини ташкил этган мусобақада польшалик Алися Сливичка 7,5 очко тўплаб, 1-ўринни қўлга киритди. Совринли ўринлар, шунингдек, 7 очколи Анна Шухман, 6,5 очколи Полина Шуваловага насиб этди.
Ҳамюртимиз Умида Омонова сўнгги турда яна бир ўзбекистонлик Гулдона Каримовани доғда қолдирган ҳолда 6,5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра 5-поғонадан жой олди. Терма жамоамиз аъзоларидан Гулдона Каримова ва Афрўза Ҳамдамова 5,5 очко билан 11-12-ўринларни, Нилуфар Ёқуббоева 5,5 очко билан 16-ўринни банд этди.
Халқаро турнирнинг “Б” гуруҳида 80 нафар хотин-қиз дона сўрган бўлса, улар орасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Мафтуна Маматқулова 8 очко билан ғолибликни қўлга киритди. Робияхон Сардорова 7,5 очко билан 2-ўринни, 7 очколи Шаҳина Аҳмедова 3-ўринни эгаллади.
Шунингдек, 6,5 очко жамғарган иқтидорли шахматчи-қизларимиздан Малика Жумаева, Азиза Турсунова, Гулхумор Нажмитдинова, Моҳинур Ҳикматхонова кучли ўнликни банд этишди.