Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашида бўшаб қолган депутатлик ўринларига 4 октябрь куни сайлов ўтказилади
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг бугун бўлиб ўтган сессиясида шундай қарор қабул қилинган.
Қайд этилишича, 35-Мирбозор ва 50-Дўстлик сайлов округларида депутатлик ўрни бўшаб қолган. Мазкур округлардан сайланган депутатлар бошқарув органларига ишга ўтганлиги сабабли ўз аризасига биноан депутатлик ваколати муддатидан олдин бекор қилинган.
Эслатиб ўтамиз, бунда округ сайлов комиссияси сайловга йигирма беш кун қолганида, участка сайлов комиссиялари эса ўн беш кун қолганида тузилади.
Сессия ишида шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси таркибига ўзгартиш киритилди.
Бундан ташқари, халқ депутатлари вилоят Кенгашига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган 16 нафар депутатдан иборат партия гуруҳига Самарқанд давлат университети профессори – 19-Гулистон сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Бахтиёр Хўжаёров раҳбарлик қиладиган бўлди.
Депутатлик гуруҳининг аввалги раҳбари Шерали Юлдошев халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири вазифасига ўтган.