Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 98-сессияси 26 апрель куни ўтказилади
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бугун, 19 апрель куни "Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги олтинчи чақириқ тўқсон саккизинчи сессиясини чақириш тўғрисида" қарор қабул қилди.
Унга кўра, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги олтинчи чақириқ тўқсон саккизинчи сессияси 2024 йил 26 апрель куни чақирилади.
Сессия кун тартибига қуйидаги масалалар киритилган:
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 23 октябрдаги “Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг вилоятдаги ижроси юзасидан “Самарқанд сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти директори К.Юсуповнинг ҳисоботи;
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича (Омбудсман) минтақавий вакили Д.Ҳусановнинг 2023 йилда амалга оширилган ишлари тўғрисида ахбороти;
- ҳудудларда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифлари миқдорини маъқуллаш тўғрисида;
- Паст Дарғом туманидаги Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ҳудуди (чегараси)га ўзгартириш киритиш тўғрисида;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари ўринбосарларининг уларга юклатилган вазифаларни бажаришда шахсий масъулиятини кўчайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан вилоят ҳокими ўринбосарларининг самарадорлик кўрсаткичлари бўйича 2024 йил I чорак ижроси ҳамда II, III, IV чорак режасини тасдиқлаш тўғрисида;
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2024 йил 10 февралдаги қарорига асосан 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2024 йилда вилоятда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида;
- вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисида;
- вилоят ҳокимининг айрим қарорларини тасдиқлаш тўғрисида.