Халқ таълими фидойилари эътибордан четда эмас

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг тегишли буйруғига кўра, қатор йиллардан буён меҳнат қилиб келаётган, алоҳида аҳамиятли ютуқларга эришган бир гуруҳ умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари “Халқ таълими фидойиси” ва “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
Тақдирланганлар орасида Пайариқ туманидаги 45-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Сапарбой Нормўминов, Иштихон туман 2-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиси Санобар Пўлатова, Жомбой тумани 9-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Гулрабо Абдуллаева, Пахтачи тумани 4-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Олга Силантевалар бор.
- Ўттиз йилдан буён болаларга она тили ва адабиёт фанидан дарс бериб келаман, - деди Иштихон туман 2-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Санобар Пўлатова. – Ўқувчиларим фан олимпиадалари, “Билимлар беллашуви”, “Ёш китобхон”, иншолар танлови, “Менинг қаҳрамоним” каби турли кўрик-танловларда қатнашиб, фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Масалан, 2023 йили ўқувчим Раҳбарой Синдорова она тили ва адабиёт фанидан фан олимпиадасининг республика босқичига чиққанди. 2024 йил 10-синф ўқувчим Равшана Синдорова МДҲ давлатлари ўртасида ўтказилган халқаро кўрик-танловда ғолибликни қўлга киритиб, “Ёш тадқиқотчи” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шукрки, меҳнатларим бесамар кетмади. 2010 йилда “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган бўлсам, бугун “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишони билан мукофотландим.
Бугун вилоят ҳокимлигида ушбу мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда мукофотларни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев топширди ва фаол ўқитувчиларнинг кейинги педагогик фаолиятига омад тилади.