Халқаро илмий-амалий конференция: "Яшил" иқтисодиёт ва рақамли технологияларнинг иқтисодиётдаги ўрни қандай?

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида “Яшил иқтисодиётга ўтиш, рақамли технологиялар ва қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришда кадрлар салоҳиятини ошириш” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция иш бошлади.

Мазкур анжуман Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши, Финландиянинг Oulu университети, Швейцариянинг Caritas ташкилоти, Европа Иттифоқи, Эрасмус+ дастурининг OFINU лойиҳаси ҳамда Жанубий Кореянинг Халқаро боғдорчилик институти ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, халқаро университетлар, илмий-тадқиқот марказлари, олий таълим муассасалари ва хусусий сектор вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан институт ректори, профессор Шавкат Ҳасанов бугунги дунёда "яшил" иқтисодиёт ва рақамли технологияларнинг иқтисодиётдаги ўрни ҳамда юқори салоҳиятли кадрларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаев мазкур конференциянинг долзарблиги ҳақида сўз юритиб, институтда бу борада амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади. Институт ёшларининг доимий равишда хорижий амалиётга жўнатилиши, илмий жараёнларнинг жадаллиги, шу билан бирга халқаролашув бўйича эришилган ютуқларни алоҳида таъкидлади.

Халқаро анжуманда иқтидорли талабаларнинг илмий тадқиқот ва стартап лойиҳалар постер тақдимоти бўлиб ўтди. Бунда институтнинг иқтидорли талаба-ёшлари ўз ишланмалари билан иштирок этиб, илмий тадқиқот ёки стартап лойиҳалари ҳақида маълумот берди. Қатнашувчиларга лойиҳалар аниқ бир муаммонинг ечими сифатида тақдим этилди. Уларнинг амалиётга тадбиқ қилиш имкониятлари ҳам юқорилиги меҳмонларда қизиқишни янада кучайтирди.

Шунингдек, халқаро илмий-амалий конференцияда иштирокчилар шуъбаларга бўлинган ҳолда дастур бўйича муҳокамаларни давом эттирди. Олимлар шуъбаларда иқлим ўзгариши, барқарор қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларини самарали бошқаришда рақамли технологиялар ва замонавий ёндашувлар, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва тупроқ унумдорлигини оширишда инновацион технологиялар ва уларни ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш, доривор ўсимликлар ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш жараёнида замонавий технологияларнинг ўрни ва кадрлар тайёрлашда янгича ёндашувлар каби мавзуларда амалга ошираётган илмий-тадқиқот ишлари билан таништирди.

Тадбир доирасида экологик инновацияларни таълим жараёнларига татбиқ этиш, сув ресурсларини бошқаришда рақамли ечимларни кенгайтириш, биохилма-хилликни сақлаш ҳамда барқарор ишлаб чиқариш тизимларини ривожлантиришга оид янги ташаббуслар илгари сурилди.