Халқаро нотариал ҳамкорлик комиссиясининг навбатдаги конференцияси Ўзбекистонда ўтяпти
Аргентина, Германия, Австрия, Венгрия, Индонезия, Эрон сингари 33 давлатдан 150 нафарга яқин делегация аъзоси қатнашаётган конференцияга Самарқанд шаҳри мезбонлик қилмоқда.
Халқаро тадбирнинг очилиш қисмида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар Тошқулов, республика Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров ва бошқалар сўзга чиқиб, иштирокчиларни қутлади. Халқаро нотариуслар иттифоқининг бир гуруҳ фахрий аъзолари тақдирланди.
Тадбирда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишда нотариусларнинг ўрни ҳамда нотариатлар фаолиятини рақамлаштириш масалалари кўриб чиқилади. Икки кун давом этадиган асосий тадбирлар якунида соҳа ривожига қаратилган муҳим қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда.
Айтиш жоизки, Халқаро нотариуслар иттифоқи 1948 йил ташкил этилган ноҳукумат ташкилоти бўлиб, унда турли комиссиялар ва ишчи гуруҳлари фаолият кўрсатади. Халқаро нотариал ҳамкорлик комиссияси (International Notarial Cooperation Commission) уларнинг энг нуфузлиси ҳисобланади. Ўзбекистон Нотариал палатаси тузилмага 2021 йил 3 декабрь куни 91-аъзо сифатида қабул қилинган. Бу миллий нотариат тизими ҳамда ривожланган давлатлар нотариат тизимлари фаолиятини интеграция қилиш, нотариуслар тасдиқлаган ҳужжатлар дунё миқёсида тан олинишини таъминлаш имконини беради. Шунингдек, ушбу аъзолик мамлакатимизга хорижий инвесторларнинг сармоя киритишга бўлган ишончини оширишга хизмат қилади.
Конференция дастурига мувофиқ, иштирокчилар Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларида бўлиб, халқимизнинг бой маданий мероси ва қадриятлари билан ҳам таништирилади.