ХАМАС сулҳдан кейин яна Исроил томон ракеталар отди

Ғазо секторини назорат қилувчи ХАМАС ҳаракатининг ҳарбий қаноти - Иззаддин ал-Қассам бригадалари икки соатлик сулҳдан сўнг Исроил шаҳарлари томон яна ракеталар отди. Бу ҳақда ҳаракат вакили Абу Убайда эълон қилди, дея хабар беради РИА Новости.

"Икки соатлик сулҳ тугаганидан сўнг ал-Қассам бригадалари анклавдаги турар-жой биноларининг вайрон қилинишига жавобан Ашкелон, Ашдод ва Беэр Шева томон ракеталар отди", деди Убайда.

Агентлик мухбирининг сўзларига кўра, Тел-Авивда эҳтимолий ракета ҳужуми тўғрисида огоҳлантирувчи сиреналар ишга тушди, шундан сўнг портлашлар эшитилди. Шунингдек, шанба-якшанба кунлари ярим тунда Ғазо секторидан ракеталар учирилганлиги ҳақида маълум бўлди.

Аввалроқ ХАМАС Тел-Авивни ўққа тутишни икки соатга тўхтатганини эълон қилди – 15 май, шанба, маҳаллий вақт билан соат 22:00 дан, 16 май, якшанба 00:00 гача.

Исроил ва Фаластин гуруҳлари, жумладан, ХАМАС ҳаракати 10 майдан буён ўзаро ракета ҳужумларини уюштирмоқда. Тинимсиз ҳужум ва тўқнашувлар натижасида камида 200 киши ҳалок бўлди, 600 га яқин киши яраланди. Бомбардимонлар тўхтатилмаса, қурбонлар бундан-да кўпроқ бўлиши мумкин.